“Масаланинг иккинчи томони: кўпчилик жим туришни афзал кўрадиган ҳақиқат – Мен ҳам тирикчилик учун сарсон-саргардонликда ўз танамни сотишни эмас, бошқа қизлар каби ўз бошпанамга эга бўлишни хоҳлайман”. Бу — ҳаёти ва иффати золимлар қўлида ўйинчоқ бўлган 25 ёшли Оишанинг сўзлари. У ўтган йили дугонаси билан бирга Дубайдаги Фоҳиша хона данғиллама қочиб, ватанга қайтишга муваффақ бўлди.
Беташвиш ҳаёт, осон даромад ҳақидаги ваъдаларга алданган қиз уч ой давомида жинсий зўравонликда қулликда сақланган. Шу каби даҳшатли қисмат йирик халқаро одам савдоси билан шуғулланувчилар ўлжасига айланган юртдошларимиз бошига ҳар йили тушиб келмоқда.
«Калтаклашар ва ишлашга мажбур қилишар эди»
Оиша ота-онасидан жуда эрта, 14 ёшида айрилган. Улар вафотидан кейин меҳрсиз акасининг қарамоғида қолади. Навбатдаги жанжалдан кейин уйидан қочиб чиқиб кетади.
Ёш, ўсмир қиз эдим. Бу ердан қочиб кетишга қўрқардим, чунки қочганларнинг ҳаммасини топиб, калтаклашганди. Бу жойда бир неча йил қолиб кетдим. Балки кимлардир мени айблар ҳам, лекин ўшанда, ортга қайтишга йўл йўқлигини – ўзимнинг ҳеч кимга, на қариндошларим ва на танишларимга керак эмаслигимни билар, қаердан ва кимдан ёрдам сўрашни эса билмасдим.
Ўтган йили менга Дубай шаҳридаги ошхоналардан бирида ишлашни ваъда қилган одам билан танишдим. Борганимизда паспортларимизни олиб қўйишди, меҳмонхонадан хона бериб, эркакларни кўнглини овлашга мажбурлашди. Қаршилик қилганларни беаёв калтаклашди. Биз кунига 30 тагача мижозга хизмат кўрсатар эдик. Доимий назоратда яшар ва ҳеч қаерга кетолмасдик. Хоналарда ўрнатилган видеокузатув камераларида ҳар бир ҳаракатимиз ёзиб олинар ва қаттиқ назорат қилинарди. Ҳайтовур, мен кунларнинг бирида полицияга мурожаат қилишга муваффақ бўлдим ва улар туфайли қулликдан озод бўлдик. Элчихона кўмаги билан ватанимизга қайтдик. Ҳозирда официант бўлиб ишлаяпман ва ҳаётимни бошидан бошлашга ҳаракат қиляпман.
Рақамлар нима дейди?
Кўпчилик ўзи ва фарзандлари учун яхши келажакни таъминлаш мақсадида чет элда ишлашни афзал кўришади. Лекин бу ҳар доим ўзини оқлайвермайди ва улар одам савдоси қурбонига айланиб қолишади. Биргина ўтган йил ҳисобида вилоят ИИБ Одам савдосига қарши курашиш бўлимига шу билан боғлиқ 70 га яқин мурожаат тушган. Жорий йил бошидан буён эса 4 нафар фуқаро ариза билан мурожаат қилган, улардан 2 нафарига бола савдоси ҳамда 2 нафарига қизларни БААга ишлашга жалб этиш билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилган.
Бизга мурожаат қилувчиларнинг кўпчилиги ватанга қайтишда амалий ёрдам сўрашади, – дейди алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи, подполковник Тўлқин Элбоев. – Ўтган йили худди шундай 18 нафар фуқаронинг ватанга қайтишига ёрдам кўрсатган бўлсак, яна уч нафар мурожаатчи тегишли ҳужжатлар қайдини кутишмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган йили бошқарма ходимлари томонидан одам савдоси қурбонлари бўлган 20 та ҳолат қайд этилган бўлиб, улардан 13 таси аёллар, 3 таси бола савдоси билан боғлиқ. Тўрт ҳолатда эса фирибгарлар тузоғига эркаклар тушиб қолишган.
Далиллар одам савдоси қурбони бўлган аёлларнинг хорижий мамлакатларда асосан жинсий фаолиятга мажбурланганлигини тасдиқлайди. Бола сотиш билан боғлиқ жиноятлар эса, асосан тез ва осон бойиб кетиш мақсадида содир этилади.
Издан чиққан тақдирлар
Қаҳрамонимиз билан суҳбатда тутқунликдаги дугонаси билан қандай қилиб озодликка муваффақ бўлганликлари ва шунга қарамай ҳозиргача яширинишга мажбур эканликлари ҳақида сўзлаб берди. Улар тутқунликдан озод бўлган бўлишса ҳам ўзлари бошдан кечирган зулм ҳамда ўша ваҳима ва қўрқув таъсири йиллар давомида таъқиб қилади.
– Ҳозир кафеда официант бўлиб ишлайман, ижарада тураман, – дейди қаҳрамонимиз. “Озиқ-овқат ва уй-жой учун пул деярли етмайди. Агар вақтни ортга қайтара олсам, мен учун қанчалик оғир бўлмасин, ҳеч қачон уйимдан қочмаган бўлардим. Пул учун эркаклар кўнглини овлашдек жирканч иш йўқ. Тўғрисини айтсам, бу ўтмишимни эслашни ёқтирмайман ва ҳамма аёллар қатори мен ҳам ҳаётда суянчиғимни топишни орзу қиламан. Ўз уй-жойим, оилам ва фарзандли бўлиш умидимни йўқотмайман.
Жабрланганларга ким ёрдам беради?
Кўпчилик бу саволга, албатта, ҳуқуқ-тартибот идоралари, деган жавобни беради. Аммо ҳаёт доим ўз сўзини айтади. Гап шундаки, қурбонлар ҳар доим ҳам ариза ёзиш ва ўзлари бошдан кечирган алдов оқибатлари ҳақида гапиришга жазм этаверишмайди. Айниқса, жинсий зўравонлик ҳолатлари қурбонлари ҳақида гап кетганда, бу кўп учрайдиган ҳол.
«Istiqbolli avlod” Республика ижтимоий ахборот маркази томонидан йигирма йилдан ортиқ вақтдан буён одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Бугунги кунда у одам савдоси ва зўравонликнинг бошқа шаклларига қарши кураш бўйича мамлакатимиздаги етакчи ННТлардан бири ҳисобланади.
Фаолиятимиз давомида болаликдан жароҳат олган ёки жинсий зўравонлик қурбони бўлиб андиша ёки қўрқув туфайли ўзлари дуч келган зўравонлик ҳолатлари ҳақида гапиришдан уяладиган аёлларга дуч келганмиз.
Ушбу зўравонлик қурбонлари жамият томонидан турли муҳокамаларга сабаб бўлиш, ёмон ном орттириб олишдан қўрқиб, олган руҳий ва жисмоний жароҳатлари ҳақида сукут сақлашни маъқул кўрадилар, – дейди “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот маркази Самарқанд филиали директори Мадина Нажмиддинова.
Жинсий зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши, одатдагидай, эҳтиёткорлик билан сир тутилади ва ҳатто ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига етиб борган тақдирда ҳам қурбонлар чўчиб туришади. Натижада, ҳеч қандай шикоят аризаси ёзилмайди ва суд ҳам бўлмайди. Кўрсаткичлар эса ноаниқ бўлиб қолаверади.
Жорий йилда аёлларни жинсий эксплуатация қилишнинг икки ҳолати қайд этилди. Уларнинг иккаласи ҳам ҳозирда Ҳиндистонда ва уларнинг ватанга қайтиши масаласи ҳал қилинмоқда.
P.S. Биз жинсий тутқунликка тушиб қолган бир аёл ҳикоясини келтирдик, аммо бу каби қайғули воқеалар ва умидсизликка учраган инсонлар кўп. Афсуски, улар атрофдаги одамларнинг қоралашларидан қўрқиб, бу ҳақда оғиз очишолмайди. Бир-биримиз ва атрофга эътиборли бўлиб, ўзгалар дардига бефарқ бўлмайлик. Зеро, ўшанда бу каби қайғули якун топадиган ҳикоялар камайса.