Президентнинг 12.05.2023 йилдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги ПФ-70-сон Фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тасдиқланди. Ташаббус инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларни бажаришни давом эттириш, фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тамойиллари ва нормалари тўғрисидаги билимларини оширишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссиясига қуйидаги вазифалар юкланди:
Дастурда белгиланган тадбирлар ижросини ташкил қилиш ва амалга оширишга кўмаклашиш ҳамда уларнинг ўз вақтида ижро этилишини назорат ва мониторинг қилиш;
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган халқаро тадбирларда Ўзбекистон вакилларининг фаол иштирок этиши бўйича халқаро ташкилотлар, энг аввало, БМТ муассасалари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш;
дастур тадбирларининг ОАВда кенг ёритилишини ташкил этиш.
2023 йилдан бошлаб ҳар йили 1-10 декабрь кунлари “Инсон ҳуқуқлари” ўн кунлиги ҳамда барча умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кунга бағишланган умуммиллий дарс ўтказилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси асосий мақсадларини амалда рўёбга чиқаришда БМТ саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси махсус жамғармасига Ўзбекистоннинг ихтиёрий бадали сифатида 100 000 АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.05.2023 йилдан кучга кирди.