Фарғонада мобил алоқа сифатига халақит берган қурилма фош этилди

2026-йил 14-апрел куни Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор радиомониторинг тадбирлари давомида мобил алоқа сифатига салбий таъсир кўрсатаётган ноқонуний ретранслятор қурилмаси аниқланди.

“Ўзкомназорат” инспекцияси ҳудудий бўлими ҳамда Электромагнит мослашув хизмати мутахассислари ҳамкорлигида олиб борилган ўрганишлар натижасида Мустақиллик кўчасида фаолият юритаётган “ГРАНТ ҚУРИЛИШ” МЧЖ томонидан фойдаланиб келинаётган қурилма мобил алоқа таянч станцияларига радиохалақитлар келтириб чиқараётгани маълум бўлди.

Ушбу радиохалақитларни бартараф этиш мақсадида мобил алоқа тармоқлари сигналларини кучайтириб берувчи ретранслятор қурилмалари эгаларига огоҳлантириш хатлари берилди ва улардан фойдаланиш тўхтатилди.

Мазкур сифатсиз ва рухсатсиз қурилмалардан фойдаланиш алоқа сифати пасайишига олиб келади. Шу боис фуқаролар ва тадбиркорлардан белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиш сўралади.

И.Холматов, Фарғона вилояти ҳудудий бўлими бош мутахассиси.