Ҳар қандай қонун фуқароларга маълум ҳуқуқлар бериш билан бирга, мажбуриятларни ҳам юклайди.
Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган тантанали маросим бу йил янада кўтаринки руҳда ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, бу борада Конституциямизнинг тутган ўрни, ўтган қисқа вақт ичида қўлга киритилган ютуқ ва камчиликларимиз, мамлакатимиз олдида турган устувор вазифалар ҳақидаги маърузаси халқимиз кўнглини тоғдек кўтарди.
Давлатимиз раҳбари халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси ҳисобланган Конституциямиз юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Маълумки, ҳар қандай қонун фуқароларга маълум ҳуқуқлар бериш билан бирга, мажбуриятларни ҳам юклайди. Жумладан, ҳар бир фуқаро Конституция ва қонунларга сўзсиз итоат қилиши лозим.
Тан олишимиз керак, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қарамай, ҳамон жиноятчиликни камайтиришимиз мушкул кечмоқда. Кўрилаётган чора-тадбирлар биз кутган натижаларни бермаяпти.
Президентимиз маърузасида шулар ҳақида гапирар экан, бунинг асосий сабабини жамиятимизда ҳуқуқий маданият етарли даражада шаклланмагани билан изоҳлади.
Айрим кишилар жазодан қўрқиб қонунга итоат этса, бошқалар болаликда олган таълим-тарбиясига кўра қонунни ҳурмат қилади. Демак, биринчи навбатда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарбияни тўғри ва кенг йўлга қўйишимиз лозим, деди давлатимиз раҳбари.
Демак, фарзандларимизнинг болалигидан бошлаб ҳуқуқий билимини оширмас эканмиз, қолаверса, ўзимиз уларга шахсий намуна бўлмасак, эркин, инсонпарварлик ғояларига асосланган фуқаролик жамияти барпо қилиш борасидаги ишларимиз самарали бўлиши қийин. Бундан кўриниб турибдики, мактабларда, мактабгача таълим муассасаларида болаларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ишларига жиддий эътибор қаратишимиз лозим.
Бош қомусимизнинг ҳар бир моддаси биз учун дастуриламалга, ҳаётимиз қоидасига айланиши зарур. Бунинг учун Асосий қонунимизни умумтаълим мактабларида, олий ўқув юртларида, маҳалла ва меҳнат жамоаларида тизимли равишда ўргатиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишимиз керак. Биз жамиятимизда шундай ҳуқуқий маданиятни шакллантиришимиз керакки, унга мувофиқ Конституция ва қонунларга амал қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш мажбурият эмас, балки кундалик қоида ва одатга айланиши керак. Мухтасар қилиб айтганда, фуқароларимиз қонунларни бузишдан кўра, уларга амал қилишдан манфаатдор бўлиши лозим, деди Президентимиз.
Бугун шиддат билан ўзгараётган ҳаётимизда янгича ғоя ва таклифлар билан чиқиш, кундалик ҳаётда қандайдир ижобий ўзгаришларни ясаш зарурати пайдо бўлди. Демак, ота-боболаримиз таъкидлаганларидек, яхши яшаш учун, энг аввало, яхши ишламоғимиз лозим. Бунинг учун эса қайси жабҳада меҳнат қилмайлик, ҳуқуқ ва эркинликларимизни билиш билан бирга, жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис қилмоғимиз зарур. Айниқса, бу борада халқ вакили ҳисобланган депутатлар барчага ўрнак бўлмоғи керак.
Санжарали Имомов,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш»
демократик партияси халқ депутатлари
Чилонзор туман Кенгаши депутати