Амалдаги қонунчиликка кўра, озиқ-овқат товарларида уларнинг ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ҳамда сақлаш шартлари кўрсатилган бўлиши лозим. Сотувчи эса озиқ-товарини истеъмолчига сотилгунга қадар ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган сақлаш шартларига риоя қилган ҳолда сақланишини таъминлаши лозим. Акс ҳолда озиқ-овқат товари муддатидан олдин яроқсиз ҳолга келиб қолиши мумкин.
Ёзёвон туманида худди шундай ҳолатлардан бирига дуч келинди. Шу туманда яшовчи Р.И. сотувчи Н.Ж.га қарашли савдо дўконидан 310 000 сўмга харид қилиб уйига олиб келган бир қоп ун маҳсулоти нон тайёрлаш учун очиб кўрилганда уни сақлаш шартларига амал қилинмагани оқибатида ун маҳсулоти сифатсиз ҳолга келганлиги маълум бўлган.
Истеъмолчининг ушбу масалада туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаатини ўрганиш ишлари давомида сотувчига қонунчилик талаблари тарғиботи олиб борилиб, сифатсиз ун сотувчига қайтарилиб, истеъмолчи мақбул сифатдаги ун билан таъминланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, истеъмолчиларни озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишдан олдин унинг ишлаб чиқарувчиси томонидан маҳсулот қадоғига ёзилган сақлаш шартлари билан танишишни, сотувчи маҳсулотни ушбу шартларга амал қилган ҳолда сақлаётганлиги ёки бунга беъэтибор бўлаётганлиги ҳолатига алоҳида эътибор қаратишни, агар сотувчи томонидан ушбу шартларга амал қилинмаётганлигини кўрсангиз бундай маҳсулотни сотиб олиб, ўзингиз ва яқинларингизни ҳаёти ва соғлигини хавф остига қўймасликка чақириб қоламиз.