Пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги ислоҳотларни амалга оширишда уларнинг салоҳияти, тажрибаси ва билимларидан тўлақонли фойдаланиш мақсадида 2019 йил 1 январдан ишловчи пенсионерларга нафақалар тўлиқ ҳажмда берилади. Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12 декабрдаги фармонида кўзда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробаригача оширилади.
Молия вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 1 январдан пенсияни ҳисоблашда қабул қилинадиган иш ҳақининг максимал миқдори оширилишини ҳисобга олган ҳолда пенсиялар миқдори қайтадан ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш топширилди.
«Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастурида қайд этилишича, ҳозирда пенсияларни ҳисоблашда ўртача иш ҳақи 1,621 млн сўм деб олинади. Келгуси йилдан бошлаб ушбу кўрсаткич 2,227 млн сўмга кўтарилади. Шунга кўра, пенсиялар ўртача 65−260 минг сўмга ошади. Бу жорий пенсия даражаларига ҳам тегишли. Ҳисоб-китобларга кўра, 533 минг нафардан ортиқ пенсионерлар қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг қўшимча харажатлари йилига 501,6 млрд сўмни ташкил этади. Якуний рақам эса 1,574 трлн сўмни ташкил этади. Мутахассислар давлат бюджети учун қўшимча юк йўқлигига ишонч билдирмоқда. Чунки Пенсия жамғармаси бюджети параметрлари 2019 йил учун ушбу маблағларни кўзда тутади.
Шу вақтга қадар ишлайдиган нафақахўрлар (17 тоифадан ташқари) аввал пенсиясининг 50 фоизини олар эди. Жорий амалиёт ҳаётий муҳим соҳалар — тиббиёт, таълим, саноат ва бошқа соҳаларда тажрибали кадрларнинг йўқотилишига олиб келди.
Ҳукумат маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 3,087 миллион пенсионер бор. Жами 118 минг 736 нафар пенсионер меҳнат қилишда давом этмоқда. Уларнинг 35 минг нафари иқтисодиётнинг реал секторида, 22 минг нафари таълим соҳасида, 20 минг нафари соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият кўрсатмоқда.