Бюрократияни бартараф этиш дастури ишга туширилмоқда

Президентнинг 28.11.2025 йилдаги «Давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ф-68-сон фармойиши қабул қилинди.

2026 йил 1 январдан давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва унинг самарадорлигини оширишга қаратилган «Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш – 2030» дастури бошланади. Унинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш орқали фуқароларнинг ҳаёт сифатини ошириш;

  • тадбиркорликни рағбатлантириш, хорижий инвестициялар учун жозибадорликни ошириш;

  • рақамли давлат бошқаруви соҳасида мамлакатимизнинг ижобий имижини шакллантириш;

  • ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш ва жараёнларнинг шаффофлигини ошириш орқали суиистеъмолчилик хавфини камайтириш.

Дастурнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш учун Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида лойиҳа офиси ташкил этилади, унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • Дастурни муваффақиятли амалга ошириш масалалари бўйича хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

  • Дастур доирасида амалга оширилиши лозим бўлган тадбирларнинг «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Президент ҳузуридаги Стратегик режалаштириш ва ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этиш;

  • ҳар йил якунлари бўйича вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан давлат бошқарувида бюрократизмни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини баҳолаб бориш, давлат ташкилотларини рағбатлантириш учун маълумотларни эълон қилиш ва Президентга тақдим этиш.

Бюрократияни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш, амалга оширилган ишлар самарадорлигини баҳолаш Агентликнинг «Zero Bureaucracy» рақамли платформаси орқали амалга оширилади.

Ҳар йили «Бюрократияни бартараф этиш» миллий мукофоти учун танлов ўтказилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.11.2025 йилдан кучга кирди.