Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнология университети Тошкент филиали мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби Шерзод Сапаров маълум қилди.
Унинг билдиришича, агентликка келиб тушган мурожаатга асосан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнология университети Тошкент филиали фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш натижасида филиалнинг мансабдор шахслари қонунчилик талабларига зид равишда 740 миллион сўмлик иш ҳақини ортиқча тўлаб, бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан филиал мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди ҳамда ўрганиш жараёнида тўпланган ҳужжатлар прокуратурага юборилди.