Конституцион ислоҳотларнинг амалдаги ифодаси

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида, хусусан суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий таъминоти, аҳолининг судга бўлган ишончини ошириш борасида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу эса, ўз навбатида, асосий қонунимиз бўлган Конституцияда муайян қоидаларни акс эттириш, яна бошқаларини ўзгартириш эҳтиёжини юзага келтирди.

Мазкур ҳаётий заруратдан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясини таъминлаш ҳақида гап борганда, умумэътироф этилган “Хабеас корпус” ва “Миранда қоидаси” институтларини конституциявий даражада мустаҳкамланиши тарихий воқеа бўлди.

Таъкидлаш керакки, Бош Қомусимизнинг 15-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ, мамлакатимизда Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади. Асосий қонун мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Мазкур Конституцияда аввалги таҳрирдаги конституциялардан фарқли бир қатор халқчил нормалар акс эттирилдики, суд амалиётининг айни вақтдаги таҳлили, мазкур нормалар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари суд томонидан ҳимоя қилинишида дастуриламал бўлиб хизмат қилаётганини кўрсатади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича судларда тергов судьялари иш бошлади.

Мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасида белгиланган “Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас” деган норманинг амалдаги ижроси бўйича муҳим босқич бошланди, десак муболаға бўлмайди.

Хусусан, Олий суд томонидан фармон ижросини самарали ташкил қилиш бўйича илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилган.

Тергов судьяси лавозими жорий этиладиган жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига тегишли штатлар ажратилиб, тергов судьялари тайинланган.

Бугунги кунда, тергов судьялари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар билан бир қаторда, жиноят-процессуал тартиб тамойилларнинг энг муҳим таркибий элиментлари ҳисобланган шахсни қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллашга рухсат бериш, тинтув, алоқа қурилмалари орқали маълумотларни олиш каби ҳаракатларга санкция бериш билан боғлиқ ишлар кўриб, ҳал қилинмоқда.

Асосий мақсад судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишига эришишдан иборат. 

Хулоса ўринида таъкидлаш керакки, Конституциявий ислоҳотлар бугунги кунда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида янги даврнинг бошланишига сабаб бўлди. Хусусан, Конституциянинг суд ҳокимияти йўналишида ўзгартирилган нормалари соҳани жаҳон андозалари даражасига олиб чиқишга, судни фуқаролар ва юридик шахсларнинг чинакам ҳимоячиси сифатида фаолият юритишига шароит яратди.

 
Юлдашев Бахтиёр Рахимович, Жиноят ишлари бўйича Сўх туман судининг тергов судьяси.

Ортиқов Элмуроджон Мирзарахимович, Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судининг тергов судьяси.