Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармасида очиқ мулоқот тадбири ўтказилди

Ҳудудий бирлашма томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Фарғона вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган медиа тадбирлар режаси асосида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Фарғона вилоят бошқармасида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” мазмун-моҳияти ва жойларда ижроси юзасидан” очиқ мулоқот ташкилланди. Унда бошқарма ходимлари, ҳудудий бирлашма мутахассислари, ННТлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни, хусусан қонунинг 9-моддаси ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2003 йилнинг 13 февралида 75-сонли қарор билан “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” тасдиқланганлиги ва мазкур қарорнинг юртимиз аҳолиси (истеъмолчилари) учун аҳамиятига атрофлича тўхталиб ўтилди.

Таъкидландики, қарор билан “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” ҳамда “Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари” тасдиқланган бўлиб, шундан бугунги очиқ мулоқот мавзуси бўлган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” 19 та бўлим ва 2 та иловадан иборатдир.

Қоидаларнинг 19 бўлимида озиқ-овқат ва ноозиқ овқат маҳсулотлари уларнинг турлари бўйича ажратилиб, улар билан савдо қилишнинг ўзига хос хусусиятлари очиб берилган бўлса, қоидаларга 2 та илова, яъни “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати” (1-илова) ва “Харидорнинг таъмирлаш даврида унга текин бериб туриш ёки худди шундай марка (модель, артикул)даги товарни алмаштириш тўғрисидаги талаби татбиқ этилмайдиган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар рўйхати” (2-илова) ҳам келтириб ўтилган бўлиб, уларнинг амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ижросини таъминлаш жараёнида тутган ўрни ва аҳамияти катта ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чакана савдони тартибга солади.

Қоидалар билан яқиндан танишар эканмиз, биз сотувчиларга, савдо объектларига ва товарларга қўйиладиган асосий талаблардан тортиб, озиқ-овқат, алкогол ва тамаки, мева ва сабзавотлар, қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган буюмлар, автотранспорт воситалари, тўқимачилик, трикотаж, техник жихатдан мураккаб буюмлар, атторлик-пардоз буюмлари ва қўйингки кундалик турмуш жараёнида биз учун асқотадиган барча товарлар билан чакана савдони амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари билан яқиндан танишиб, ўзимиз учун керакли билим ва кўникмаларни олишимиз мумкин.

Шунингдек, Қоидаларнинг алоҳида бўлимида савдо қоидаларининг бузилиши турлари ҳам номма-ном кўрсатиб ўтилган бўлиб, уларни бузиш тегишли қонунлар асосида жавобгарликни келтириб чиқариши ҳам кўрсатиб ўтилган.

Маълумот учун:

Ўтган 2024 йил мобайнида Федерациянинг вилоятдаги идораларига жами бўлиб 898 та мурожаатлар келиб тушиб, уларни тегишли тартибда ўрганиб чиқилиши натижаларига кўра, 1 млрд 783 млн 521 минг 122 сўм маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган бўлиб, шундан 241 млн 139 минг 146 сўми суд идораларига киритилган даъво аризалари бўйича истеъмолчилар фойдасига ундирилган моддий ва маънавий зарарлардир.

Мурожаатларнинг 35,3 фоизи айнан савдо масалаларида келиб тушган.

Савдо соҳасига оид мурожаатларнинг энг кўп қисми, яъни 28,7 фоизи харид қилинган маиший техника воситаларида нуқсонлар аниқланиши ҳолатлари юзасидан бўлган.