Ўзбекистонда муддати ўтган маҳсулотлар савдоси учун жарималар уч бараваргача оширилади

Президентнинг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги устидан назоратни кучайтириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан бошлаб рақамли маркировка тизими жорий қилинган товарларнинг яроқлилик муддати ўтган тақдирда, уларнинг савдоси ушбу тизим орқали автоматик тарзда чекланади. Шунингдек, муддати ўтган рақамли маркировкаланган товарларга назорат-касса техникаларида харид чеки чиқарилмайди.

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириш мақсадида давлат санитария назорати органи тизимидаги аккредитация қилинган лабораторияларда ўтказиладиган барча синовлар электрон шаклда “Э-аккредитация” ахборот тизимининг “Э-лаборатория” модули орқали расмийлаштирилади. 

Шунингдек, 2025 йил 15 октябрьдан 2027 йил 1 январгача тажриба тариқасида нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, “сирли мижоз” ва назорат хариди тадбирларини ўтказиш тартиби жорий этилади. Мазкур тадбирларни ўтказувчи ходимлар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари марказининг ўқув курсларини тамомлаб, махсус сертификатга эга бўлиши лозим.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга Рақобат қўмитасининг бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмалари шаклида маблағлар ажратиб борилади.

Қарорга биноан, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг таклифига мувофиқ, яроқлилик муддати ўтган, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган озиқ-овқат маҳсулотларини сотган ёки сотиш учун қабул қилганлик учун маъмурий жарималар миқдорини уч бараваргача оширилади. 

Қўмита икки ой муддатда мазкур таклиф асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди.