Товарга кафолат муддати ичида билдирилган эътироз бартараф қилинди

Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг «Боғибўстон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ғ.О.нинг 3 500 000 сўмга харид қилинган ноутбукдан фойдаланишда муаммоларга дуч келаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчи мурожаатида, тумандаги «Техномарт» МЧЖга қарашли савдо дўконидан бўлиб тўлаш шартларида шартнома қиймати 4 070 000 сўм бўлган Lenovo русумли ноутбукни чегирма эвазига нақд пулга сотиб олганлигини, лекин ундан фойдаланиши давомида бир марта WiFi га уланмаслик, иккинчи марта қувватлантириш тизими ишламаслиги сабаблари билан сотувчига қайтариб олиб келгани ва ноутбук сотувчи саъй-ҳаракатлари билан сервис марказида техник кўрикдан ўтказилиб, нуқсон бартараф этиб берилгани, лекин сўнгги кунларда яна интернетга уланмаётганлигини баён қилиб, масалани ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати белгилаши лозим ва кафолат муддати мобайнида товар (хизмат)нинг, шу жумладан, бутловчи буюмларнинг нормал ишлаши (қўлланилиши, улардан фойдаланилиши) таъминланиши шарт. Кафолат муддатида топилган нуқсонлар сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қонунда белгиланган муддатларда бепул бартараф этилиши лозим.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, туман жамияти томонидан сотувчига амалдаги қонунчилик талабларини ўзида акс эттирган сўров хати киритилиб, ўрганиш ишлари давомида истеъмолчи томонидан билдирилган эътироз бартараф этилишига ва ноутбукни соз ҳолатда истеъмолчига топширилишига эришилди. Истеъмолчига ноутбукни топшириш жараёнида, мутахассис томонидан, ундан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча маслаҳат ва тушунтиришлар бериб ўтилди.

Сардорбек Мирзажонов, туман жамияти раиси.