Қўштепа тумани Тиббиёт Бирлашмасига қарашли Оилавий поликлиникада катта ҳамшира вазифасида ишловчи Саёҳат Каримованинг ишлари бироз юришмай қолди. Уни устига республикада карантин бошланиб, режадаги ишлари ҳам орқага кетди. Карантин вақтида бир-неча нафар танишларидан қарздор бўлиб қолгач, Саёҳат Каримованинг эшигидан одам узилмай қолди.
Ҳақдорлар ундан қарзларини сўраб келаверганидан кейин мазкур вазиятдан чиқиш йўлларини ўйлай бошлади. Ва танишларни ишга жойлаштириш ва улардан хизмат ҳақи олиш қулайроқ, ишонарлироқ ва осонроқ йўл бўлиб туюлди.
Шу мақсадда илгари ўзи билан биргаликда тиббиёт соҳасида ишлаган таниши Тошхон Муродовани ишга киритиб қўйишга ваъда бериб, хизмати учун ундан 400 АҚШ долларини санаб олди.
У биргина шу иш билан чекланиб қолмай, ўзининг таниши Аброр Мўминовга ишга кириш истагида бўлган танишлари бўлса, топиб беришини ва ҳар бир мижозидан 100 АҚШ доллари хизмат ҳаққи олишини айтиб, ёрдам сўради. Ўз навбатида Ахрор Мўйдинов ҳам бу ишга рози бўлди. Дарҳол Саёҳат Каримовага «Мижоз» топишда ёрдамлашиб юборди.
Келишувга кўра, улар режаларини амалга ошириб, яна беш нафар фуқароларни шу тариқа чув туширишди. Аммо ҳеч бир жиноят жазосиз қолмаганидек, бу икки фирибгарнинг ҳам жинояти фош бўлди. Олиб борилган тезкор тадбир давомида фирибгарларнинг башараси очилди.
Бўлиб ўтган суд мажлиси эса бу икки кимсага тегишли жазо қўллади. Саёҳат Каримова 1 йил тиббиёт тизимида катта ҳамшира лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ахрор Мўйдиновга эса иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
А.ЭРГАШЕВ, Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг раиси