Ҳозирги кунда интернет тармоғи қўштирноқ ичидаги “тадбиркорлар”, яъни интернет фирибгарлари учун содда фуқароларни алдаб, уларнинг ишончига кириб, пул маблағларини ўзлаштиришнинг қулай востасига айланиб улгурди, десак муболаға бўлмайди.
Сўнгги вақтларда радио, телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали интернет фирибгарлигидан огоҳ бўлишга оид қатор мақолалар эълон қилинди, аҳолини хушёрликка чақирувчи хабарлар тарқатилмоқда. Бироқ фирибгарлар тузоғига тушиб қолаётган ватандошларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Мазкур ҳолатнинг ўзи интернет фирибгарлиги жамиятда ижтимоий хавфли тус олиб, фуқаролар учун жиддий хавф сифатида намоён бўлаётганини англатади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди” деб белгиланган. Демак, фуқароларни интернет фирибгарларининг турли тажовузларидан ҳуқуқий ҳимоя қилиш давлатнинг вазифаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси амалдаги Жиноят кодексининг 168-моддасида фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисмида “Фирибгарлик:
а) анча миқдорда;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” деб кўрсатилган эди.
2022 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-794-сонли “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни имзоланди. Жамиятда интернет фирибгарлиги иллатининг кенг тарқалиб, ижтимоий хавфлилик даражаси ортиб бораётгани сабабли, бундай ҳаракатлар учун жиноий жазо чоралари кучайтирилди.
Жумладан, эндиликда фирибгарлик жиноятини ахборот технологиялардан фойдаланиб содир этганлик учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмида баён этилди.
Мазкур ўзгариш фирибгарлик жиноятининг ахборот технологиялардан фойдаланиб содир этилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланишига сабаб бўлди.
Мазкур ҳолат интернет фирибгарлиги учун жазо чораларини оғирлаштириш билан бир қаторда, мазкур қилмишнинг Жиноят кодекси талабларига асосан “оғир жиноятлар” тоифасига киришини хам белгилади.
Чунки амалдаги Жиноят кодексининг 15-моддаси талабига кўра, унча оғир бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан ортиқ, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.
Шу моддада “оғир жиноятлар”га берилган таърифга мувофиқ оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.
Демак, қонунчиликка киритилган ўзгартиришга мувофиқ интернет фирибгарлиги эндиликда оғир жиноят ҳисобланди. Бу эса мазкур жиноятни содир этган шахсларга жазо чораларини тайинлаш, уларни жавобгарликдан ёки жазо чораларидан озод қилиш ёхуд жазони енгилроғи билан алмаштириш тартибида ҳам Жиноят кодекси талаблари кучайтирилганини билдиради.
Шундай экан, огоҳ бўлинг! Интернет фирибгарлиги эндиликда оғир жиноят ва оғир жазога сазовор қилмиш ҳисобланади.
Бахтиёр ЮЛДАШЕВ, Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси