Президентнинг 12.10.2022 йилдаги «Ногиронлиги бўлган шахслар жамиятларига тегишли ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
Ҳужжатда белгиланишича, бюджет буюртмачилари учун назарда тутилган чекловлар, қуйидаги юридик шахслар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни харид қилишга нисбатан татбиқ этилмайди:
Электрон кооперация порталида рўйхатдан ўтган, ходимлари умумий сонининг камида 50%и ногиронлиги бўлган шахслардан иборат;
ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50%ини ташкил этадиган;
ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган (кейинги ўринларда – ногиронларнинг юридик шахслари).
Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ногиронларнинг юридик шахслари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг кўргазма ярмаркасини доимий тарзда ўтказиш графикларини тасдиқлаш вазифаси топширилди. Бунда ҳудудларда кўргазма ярмаркасини ўтказиш учун зарур павильонлар бепул тарзда ажратилади.
Давлат буюртмачиларига кўргазма ярмаркалари давомида ногиронларнинг юридик шахслари билан улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни уч йилгача муддат давомида кафолатли харид қилишни назарда тутувчи шартномалар тузиш ҳуқуқи берилади. Ногиронларнинг юридик шахслари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ҳажми ва техник параметрлари тўғрисидаги ахборот 2022 йил 15 ноябрга қадар Электрон кооперация порталига жойлаштирилади.
2023 йил 1 январга қадар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий веб-сайтида Ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар ҳамда улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг ягона реестри юритилиши ташкил этилади.
2023 йил 1 январдан бошлаб давлат харидлари доирасида:
ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб харид предмети ҳажмининг камида 10%и миқдорида Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ногиронларнинг юридик шахслари томонидан ишлаб чиқариладиган товарларни сотиб олади.
2022 йил давомида тажриба тариқасида – Тошкент ва Нукусда, 2023 йилдан бошлаб – мамлакатимизнинг қолган ҳудудларида «Имкониятлар маркази» ташкил этилади. У ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўқитишда кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилади, шунингдек улар ва иш берувчилар ўртасида мулоқот ўтказиш майдонига айланади. Марказга ушбу тоифадаги шахсларнинг маданият, санъат, спортга оид қизиқишларини қўллаб-қувватлаш вазифаси ҳам юклатилган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига «Имкониятлар маркази» учун Нукус туманидаги Кердер саноат транспорт касб-ҳунар коллежи ва Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги «Ишга марҳамат» мономарказидан зарур хоналар ажратиш вазифаси топширилди.