Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида, “Қамчиқ” довонида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилди.
Ўзбекистон ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг хабарига кўра, “Қамчиқ” довонида вақтинча транспорт воситалари ҳаракати чекланди.
“Ҳозирги вақтга келиб, хавфли вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида, Фарғона вилоятини Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятлар билан боғловчи “Қамчиқ” довонида вақтинча транспорт воситалари ҳаракати чекланди“, – дейилади хабарда.
Бунда, Фарғона вилоятидан бошқа вилоятларда доимий рўйхатда турувчи фуқароларга яшаш манзилларига етиб олишларига имкон берилади.
“Фуқаролардан ушбу чекловларни тўғри қабул қилишларини, олиб борилаётган тадбирлар ва белгиланган тартибларга қатъий амал қилиш орқали вирус тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшишларини сўраб қоламиз“, – дея қайд этилган хабарда.