Тил — миллатнинг тарихий хотираси, маънавий қиёфаси ва миллий ўзлигини намоён этувчи бебаҳо бойликдир. Инсон ўз она тили орқали дунёни англайди, аждодлар меросини англаб, эзгу қадриятларни бўйига сингдиради ва уларни келажак авлодларга етказади. Шу сабабли она тилини эъзозлаш, унинг софлиги ҳамда нуфузини асраш ҳар бир юртдошимизнинг маънавий бурчидир.
Ҳар йили 21-октябр санасида мамлакатимизда Ўзбек тили байрами куни кенг нишонланади. Бу сана халқимизнинг миллий ўзлигини англаш, она тилимизга бўлган юксак ҳурматини намоён этиш ва давлат тилининг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга.
1989-йил 21-октябрда “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ўзбек халқи тарихида туб бурилиш ясади. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш билан бирга, миллий ўзликни тиклаш ва она тилининг ижтимоий мавқейини юксалтириш сари ташланган энг муҳим мардона қадам бўлди.
Мустақиллик йилларида давлат тилининг қўлланиш доирасини кенгайтириш, уни илм-фан, таълим, маданият ва давлат бошқаруви соҳаларида тўлақонли жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
2020-йил 10-апрелда қабул қилинган “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун эса 21-октябр санасига умумхалқ байрами мақомини бериб, унинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлади. Бугунги кунда ўзбек тили шунчаки мулоқот воситаси эмас, балки давлат бошқаруви, илмий фаолият ҳамда маънавий-маърифий ҳаётимизнинг асосий устунидир.
Ўзбек тили кўп асрлик бой тарихга, теран луғат таркибига ва бетакрор бадиий имкониятларга эга. Унинг шаклланиши ва тараққиётида Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний ҳамда Чўлпон каби буюк сиймоларнинг хизматлари беқиёсдир.
Алишер Навоий ўзининг ўлмас асарлари орқали туркий тилнинг нақадар бой, нафис ва кенг илмий-бадиий имкониятларга эга эканлигини бутун дунёга исботлаб берди. Унинг ижоди она тилига ҳурмат ва сўз масъулиятининг юксак намунасидир. Абдулла Авлоний ҳамда бошқа Жадид маърифатпарварлари она тилини ривожлантиришни халқни ғафлатдан уйғотиш, саводхонликни ошириш ва миллат тараққиётини таъминлашнинг биринчи шарти деб билдилар. Демак, тил тарихини ўрганиш — бу шунчаки сўзлар вақтасини тадқиқ этиш эмас, балки халқимизнинг тафаккур даражаси, дунёқараши ҳамда миллий руҳиятини англаш демакдир.
Глобаллашув ва ахборот технологиялари жадал ривожланаётган бугунги даврда ўзбек тилининг имкониятларини янада кенгайтириш ҳаётий заруратга айланмоқда. Рақамли технологиялар, сунъий интеллект, электрон таълим, илмий нашрлар ва интернет муҳитида давлат тилининг фаол қўлланилиши унинг замонавий ва рақобатбардош бўлишини таъминлайди.
Давлат тилининг нуфузини ошириш фақат қонунлар билан чекланмайди. Бу жараён ҳар биримизнинг кундалик мулоқотимиз, касбий фаолиятимиз ва жамоат жойларида имло ҳамда нутқ маданиятига қанчалик риоя қилишимизга боғлиқ.
Шу билан бирга, Ўзбекистон кўп миллатли ва бағрикенг мамлакат сифатида барча миллат ва элатларнинг тиллари ҳамда маданий қадриятларига эҳтиром кўрсатади. Давлат тилини ривожлантириш ҳамда бошқа тилларга ҳурмат билан қараш — бир-бирини тўлдирувчи муҳим ижтимоий қадриятлардир.
Она тилимизнинг эртанги куни, шубҳасиз, ёш авлоднинг тилга бўлган муносабати ва маънавий дунёқарашига боғлиқ. Ёшларнинг адабий тил меъёрларини пухта эгаллаши, бадиий ҳамда илмий адабиётларни мунтазам ўқиши ва фикрини равон ифодалаши уларнинг интеллектуал салоҳиятини оширади.
Бугун ёшлар виртуал маконда фаол яшамоқда. Шу сабабли:
– Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда имло қоидаларига амал қилиш;
– Фикрни аниқ, саводли ва тўғри ифодалаш маданиятини шакллантириш;
– Таълим муассасаларида китобхонлик танловлари, иншолар беллашуви ва маърифий кечаларни изчил ташкил этиш ниҳоятда муҳимдир.
Олий таълим муассасаларида эса ўзбек тилининг илмий услуби ва касбий терминологиясини ривожлантиришга урғу бериш лозим. Зеро, илм-фан тили даражасига кўтарилган тил халқаро майдонда ҳам ўз мустаҳкам ўрнига эга бўлади.
Ўзбек тили байрами куни барчамизни она тилимизнинг кечаги куни, бугунги ҳолати ва келажаги ҳақида чуқурроқ мушоҳада юритишга чорлайди. Тилни севиш — уни фақатгина байрам кунларида мадҳ этиш эмас, балки ҳар куни тўғри сўзлаш, асраб-авайлаш, бойитиш ва келажак авлодларга беғубор ҳолда етказишдир.
Она тилимиз — аждодлардан қолган бебаҳо мерос, бугунги маънавий ҳаётимизнинг таянчи ва келажак билан боғловчи мустаҳкам кўприкдир. Уни эъзозлаш ҳамда нуфузини юксалтириш ҳар биримизнинг шарафли вазифамиз ва муқаддас бурчимиздир!
Фарғона давлат университети физика-математика факултети ёшлар масалалари бўйича декан ўринбосари п.ф.б.ф.д (ПҳД), доценти Эркабоев Ойбек Мухаммаджонович.