Иситиш мавсумида айрим эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан ёрдам пули берилади

2026/2027-йилги иситиш мавсумида айрим эҳтиёжманд оилалар ва фуқароларга 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Бу Президентнинг 2026-йил 28-октабрдаги ПФ–236-сонли “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланди.

Фармонга кўра, моддий ёрдам 2026-йил ноябр ойида Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга берилади. Шунингдек, “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида реестрга киритилмаган, бироқ ижтимоий-иқтисодий ҳолати бўйича белгиланган мезонларга мос келадиган оилалар ҳам ёрдам олиши мумкин.

Жумладан, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан ошмайдиган оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик тўлов ажратилади.

Марказлаштирилган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшайдиган айрим оилалар ҳам ёрдам олади. Бунда оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан, Тошкент шаҳрида эса 3 баробаридан ошмаслиги керак.

Бундан ташқари, барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича туман ёки шаҳар штаблари қарорига асосан, даромади белгиланган мезонлардан юқори бўлган айрим эҳтиёжманд оилаларга ҳам моддий ёрдам ажратилиши мумкин.

Бир марталик тўлов ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар реестридаги фуқаролар, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга ҳам берилади.