Сенатнинг йигирма иккинчи ялпи мажлисида 2019 йил 14 сентябрь куни тўй-ҳашам ва бошқа оилавий тадбирларни ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.
Парламентарийлар фикрига кўра, бу ерда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.
Бундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида Жўқорғи Кенгес, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида, шунингдек фуқаролар йиғинларида оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузилди, кўплаб тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Бироқ ўрганишлар таҳлили жиддий муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолаётганлигини кўрсатди. Айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимларига катта маблағ сарфланиши туфайли қарзга ботмоқда ва қарзни узиш учун чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда. Баъзи фуқаролар оилавий тадбирларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошлар танқидидан, умуман олганда, жамоатчиликнинг босимидан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида зиддиятлар пайдо бўлишига олиб келмоқда.
Шу муносабат билан “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг Қўшма қарори қабул қилинди.