Бу Ўзбекистон президентининг 11 сентябрдаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган.
Қўмитанинг янги бўлинмасига истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, реклама бозорини тартибга солиш, товарлар хавфсизлиги ва сифати устидан назорат қилиш, аҳолининг истеъмол саводхонлиги ва маданиятини ошириш вазифалари юклатилди. Шунингдек, агентлик судларда истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.
Агентлик ваколатлари қаторидан қуйидагилар ҳам ўрин олган:
чакана савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида товарлар ва хизматларнинг назорат харидини ўтказиш ва уларни экспертиза қилиш;
истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари мавжуд бўлганда, тадбиркорлик субъектларида (молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда) текширишлар ўтказиш;
истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши сабабларини таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатларининг олдини олиш;
истеъмол бозорини, давлат томонидан нарх-навоси тартибга солинадиган товарларга (ишларга, хизматларга) нархларнинг динамикаси ва нарх шаклланиши механизмларини ўрганиш;
тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини такомиллаштириш, реклама соҳасида ноҳалол рақобатга ва нотўғри рекламанинг юзага келишига йўл қўймаслик мақсадида реклама бозорини тартибга солиш.
Агентлик Вазирлар Маҳкамасининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади.