“Жамиятимиздаги ҳар бир аёл бизнинг эътиборимизда” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди

Бугунги кунда республикамизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий муаммоларини ҳал этиш ва мустаҳкамлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада қўмита томонидан қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида янги жисмоний ва юридик шахслар билан ишлаш бўлими ташкил этилиб, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш борасида якка тартибда ишлаш тизими жорий этилган.

Қўмита аҳолига кўрсатилаётган хизматлар турларини кенгайтириб, “ишонч телефони” орқали зўравонлик қурбонига айланган аёллар ва хотин-қизларимизга оғир вазиятдан чиқишларига ёрдам бериб, руҳий, ҳуқуқий ҳамда тиббий кўмак беради. Ушбу ҳолатларда аёлнинг хоҳишига кўра, мурожаатлари сир сақланади. Айниқса, ёрдамга муҳтож бўлган, низоли вазиятларда, оилавий-маиший зўрлик ишлатилганда ҳамда ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган ҳолатларда тезкор, шошилинч ёрдам кўрсатади.

– Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида тузилган меморандум асосида ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил хотин-қизларни соғлом турмуш тарзига қайтариш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 4 минг 885 оила яраштирилди, – дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маруфова. – Биргина ўтган 2018 йилнинг ўзида жиноят содир этган ва ҳуқуқбузарликка қўл урган 893 нафар хотин-қиз кафилликка олиниб, жазодан озод этилди. Жорий йилнинг I чорагида эса 45 нафар жиноят ва 11 нафар ҳуқуқбузарлик содир этган хотин-қизлар кафиллик асосида жазодан қутулди. Муқаддам судланиб, жазо муддатини ўтаётган 597 нафар аёл жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 100 нафар аёлнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган. Энг кўп мурожаатлар тушаётган масалалар юзасидан ўтказилган таҳлиллар натижалари бўйича тегишли ташкилотларга қатор таклифлар юборилган.