Тошкент шаҳрида Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси (ДСХМК)нинг навбатдаги 76-йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев, Қозоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ерлан Нисанбаев, Тожикистон Республикаси энергетика ва сув ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари Султон Раҳимзода, Туркманистон Сув хўжалиги давлат қўмитасининг сувдан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Байгелди Байжонов ҳамда ДСХМК ижроия органлари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда 2018-2019 йиллар новегетация даврида Сирдарё ва Амударё ҳавзасидаги сув омборлари каскадларининг ишлаш режими ва лимитдан фойдаланиш натижалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида 2019 йилги вегетация даврида Сирдарё ва Амударё ҳавзаларидаги давлатларнинг сув олиш лимитлари ҳамда Амударё ҳавзасидаги сув омборларининг ишлаш режими прогнози тасдиқланди.
Сирдарё ҳавзасидаги сув омборларининг ишлаш режими прогнози Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси вакиллари томонидан келишиб олинди ва Тожикистон Республикаси вакили “Бахри Точик” сув омборидан сувни чиқариш бўйича таклифларини берди.
Шунингдек, Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқишда ДСХМК аъзолари ва ижроия органларининг иштироки тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Ушбу дастурни ишлаб чиқишда ДСХМК аъзолари илгари сурган таклиф ва мулоҳазалар асосида Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг илмий-ахборот маркази (ДСХМК ИАМ) томонидан “Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш тадбирлари дастури”ни ишлаб чиқиш бўйича билдирилган таклифларини умумлаштириб, Халқаро Оролни қутқариш жамғармасининг ижроия қўмитасига, миллий ва минтақавий лойиҳалар рўйхатига киритишга қарор қилинди.
Шу билан бирга, Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг илмий-ахборот маркази ҳамда Амударё ва Сирдарё ҳавзаси сув хўжалиги бирлашмаларининг 2019 йил 7-8 май куни Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро Оролни қутқариш жамғармасининг ижроия қўмитаси йиғилишида иштирок этишига, шунингдек, “Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш тадбирлари дастури”ни минтақавий ишчи гуруҳларининг 2-йиғилиши доирасида кенг муҳокама қилишга келишиб олинди.
Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг навбатдаги 77-йиғилиши 2019 йил сентябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Қозоғистон Республикаси пойтахти Нур-Султон шаҳрида ўтказиладиган бўлди, дейилади хабарда.