Ёшлар, айниқса, ўсмирлар ўртасида турли жиноятларнинг учраб туриши ташвишли ҳолат. Чунки катта йўл бошида адашганларнинг кейинги ҳаёти яхши кечмаслиги сир эмас.
Шунинг учун ёш авлодни тўғри тарбия қилиш, уларнинг илм олиши, спорт билан шуғулланиши, қисқаси, тўғри йўл топиши учун барча чоралар кўрилмоқда.
Натижада кейинги вақтда ёшлар жиноятчилиги камайгани кузатилди. Жумладан, 2019 йил биринчи чорагида юз берган жиноятлар 1 минг 963 тани ташкил этди. Бу рақамларни 2018 йилнинг шу даври билан таққослайдиган бўлсак, ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 39,5 фоиз, яъни 1 минг 282 тага камайганини кўриш мумкин.
Бу тизимдаги ишлар янада такомиллашаётганининг натижаси десак, хато бўлмайди. Лекин жиноятларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни қисқа муддатда фош этиш, шунингдек, жиноятлар юз беришига замин яратган омилларни аниқлаш долзарблигича қолмоқда. Чунки жиноят битта бўлса ҳам кўпдир.
Ички ишлар органлари ходимлари ёшлар билан ишлашни янада яхшилаш мақсадида нодавлат ва жамоатчилик ташкилотлари, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Таълим муассасаларини тамомлаб, ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келган ёшларни иш ўрни билан таъминлаш мақсадида шаҳар марказлари, маҳаллаларда меҳнат ярмаркалари ташкил этилмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг берган расмий маълумотига кўра, 2019 йил биринчи чорагида республика бўйлаб жами 414 бўш иш ўрни ярмаркаси ташкил этилган. Уларда 31 минг 673 нафар ёш иштирок этди. Улардан 8 мингга яқини ўзи қизиқиш билдирган соҳалар бўйича ишга жойлашган. Яна 9 мингга яқини ишга жойлашиш учун йўлланма олган. 19,5 минг нафарига эса керакли маслаҳатлар берилган.
Албатта, бундай ишларнинг йўлга қўйилиши, биринчи навбатда, давлат ва жамият ривожланишига бевосита ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Чунки дунёқараши кенг, ўз билим ва кўникмаларига ишонган кадрлар мамлакат тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш орқали эл-юрт корига ярайди.
Ўз навбатида бу жиноятларнинг олди олинишига хизмат қилувчи воситадир. Негаки, ўзи севган касб билан банд бўлган, ўзининг моддий эҳтиёжларини қондириб, оила аъзолари ва яқинлари бағрида ҳаётдан мамнун бўлиб яшаган ҳеч бир инсон жиноятга қўл урмайди.
Аммо берилаётган бундай имкониятлардан фойдаланмай, меҳнатсиз, илм ўрганиш ўрнига осонгина обрў-эътибор, мўмайгина даромадга эга бўлиш истагида қонун билан тақиқланган ҳаракатларни содир этаётган ёшлар ҳам учраётгани, барчамизни бирдек ташвишга солмоқда.
Мисол учун, 2019 йил 22 март куни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи 19 ёшли А.С., 20 ёшли акаси Р.С., Ғалаба кўчасида яшовчи 21 ёшли С.Э. ва Бўстонлиқ тумани Қўшқўрғон қишлоғида яшовчи 18 ёшли С.Т.лар Чирчиқ шаҳрининг Алишер Навоий кўчасида 18 ёшли фуқаро А.Б.нинг юзига қўллари билан уриб, ичида нетбуки, нетбук қурилмалари, фуқаролик паспорти бўлган сумкаси ҳамда шими чўнтагидан 100 минг сўм пули ва “RedMi” русумли мобиль телефонини олиб, воқеа жойидан яширинганлар.
А.Б. жароҳат олиб, касалхонага мурожаат қилгандан сўнг кўрилган чоралар натижасида талончилик қилган 4 нафар ёш қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Ачинарли ҳолат. Нега деганда, ёш, айни кучга тўлиб, меҳнат қиладиган ва ўқиб изланадиган вақтида улар маҳалла-куй олдида ўзи ҳамда ота-онаси, яқинларининг юзини ерга қаратди.
Бу ўйламай қўйилган қадамнинг оқибати. Шу ўринда, ёшларимиздан бундай ҳолатлардан огоҳ бўлишини сўраган бўлардик. Зеро, шу биргина қалтис қадам билан инсон шаънига тушган доғни ювиш жуда мушкул.
Бундан ташқари, ёшларнинг ота-оналари ҳам фарзандлари қай даражада таълим олаётгани, бўш вақтини ким ва нималар билан ўтказаётганига эътибор қаратишлари, ўзларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали фарзандларида ҳам ҳуқуқий онг шаклланишида тўғри йўл кўрсатиб боришлари мақсадга мувофиқ.
Мирзо Улуғбек Мадалимов,
ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар бошқармаси ходими