Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йуналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили“да амалга оширишга оид Давлат дастурида Бош прокуратура масъул ҳисобланган бандлари ижро этилишининг дастлабки натижаларига бағишланган пресс-конференция ташкил этилди.
“Тараққиёт стратегияси” марказида бўлиб ўтган тадбирда Бош прокурор ўринбосари Эркин Йулдошев Стратегияни амалга оширишга оид Давлат дастурининг 63 бандида, шу жумладан, 21 бандида масъул ижрочи сифатида белгиланган Бош прокуратура томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Жумладан, давлат бошқаруви органлари тизимини тубдан такомиллаштириш, ижро этувчи ҳокимият органларининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги доирасини қайта кўриб чиқиш асосида 86 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Бош прокуратуранинг бевосита иштирокида ишлаб чиқилиб, қабул қилинди.
Ҳаракатлар стратегияси прокуратура органлари учун амалий ҳаракатлар мезонига айланган Халқ манфаати йўлида хизмат қилиш давлатимиз раҳбари томонидан прокуратура тизими олдига асосий вазифа қилиб қўйилгани учун ҳам буни амалда таъминлаш учун барча чоралар кўрилаётир. Тизим бутунлай қайта ташкил этилиб, халқ манфаати учун зарур бўлган янги тузилмалар жорий қилинди.
Ҳар бир ходимнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги ўрганиб борилмоқда. Фуқаролар манфаатини кўзлаб суд ва бошқа идораларга тегишли ҳужжатлар тақдим этилган. Натижада 90 мингдан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланган.
Анжуманда давлат бошқарувига зарар етказиб келган 81 коллегиал орган тугатилганлиги маълум қилинди. 21 таси қайта ташкил этилган. Шу билан жамиятга фойда келтирмаётган, аксинча, зарар келтираётган тузилмалар барҳам топган. Бу бошқарувда самарали усулларни жорий этиш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган талабларга мос.
Жиноят содир этган шахсларга жазо тайинлашда уларни жамиятдан ажратмаган ҳолда тарбиялашга эътибор қаратилаётир. Улар етказилган зарарни қоплаган тақдирда озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чоралари қўлланилмоқда. Жиноят содир этган шахсларга таъсирчан тарбиявий усулларни қўллаш кенгаймоқда. Токи, жиноятчи қилмишидан уялсин ва қайта жиноят содир этмасин.
Жиноятларни тергов қилишда замонавий усуллар жорий этилмоқда. Яъни жиноят содир этганликда гумон қилинган шахсларни масофадан сўроқ қилиш имкони яратилди. Ҳозирда Яккасарой, Миробод туманларида бу тизим синов тариқасида ишлаб турибди.
Анжуманда таъкидланишича, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш прокуратура органларининг алоҳида эътиборида. Бош прокуратура томонидан мазкур йўналишда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тадбиркорлар йўлида учраётган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш ҳамда коррупциявий ҳолатларга барҳам бериш бўйича зарур чоралар кўрилаяпти.
Матбуот анжуманида коррупцияга қарши курашиш бўйича 2019-2021 йилларга мўлжалланган янги дастур ишлаб чиқилгани айтиб ўтилди. Дастурни ишлаб чиқиш жараёнида коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг жамоатчиликнинг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олинган.
Тадбиркорларнинг манфаатлари ҳимоя қилиниши учун ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилиши билан бирга, уларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилмокда.
Тадбирда Бош прокурор ўринбосари Э.Йўлдошев ҳалол тадбиркор учун прокуратура органларининг эшиклари ҳамиша очиқ эканини маълум қилди.
Матбуот анжуманида мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтаришди. Жумладан, маҳкумлардан келаётган мурожаатлар асосан қандай мазмунда эканлиги ҳақидаги саволга жавобан улар асосан афв этилишини сўраётгани ва бундай мурожаатлар қонун доирасида кўриб чиқилиши маълум қилинди.
Собиқ давлат маслаҳатчиси М.Тоҳирий ҳамда Самарқанд вилояти собиқ ҳокими Т.Жўраевлар тақдирига оид саволга эса уларга нисбатан жиноят иши очилгани, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилди.
Шунингдек, анжуманда таъкидланишича, жорий йилда прокуратура органларига келиб тушган мурожаатларнинг 14 фоиздан ортиғи қаноатлантирилган. Савол туғилади: қолган мурожаатларнинг тақдири нима бўлган?
Ушбу саволга шундай жавоб қайтарилди: “Бу кўрсаткич олдинги йилларга нисбатан анча ошган. Бироқ, аксарият мурожаатлар бошқа идораларга тегишли, шу боис уларни тегишли манзилига юборилган. Бор-йўғи 208 мурожаат рад этилган. Қолаверса, мурожаатлар натижасида 736 нафар фуқаро оқланди. 2015 йилда бу рақам атиги 15 тани ташкил этган. Ҳозир оқланган шахслар ичида ўн йил олдин қамалганлар ҳам учрайди. Далиллар етарли бўлмаган ёки бошқа сабаблар билан жиноят иши ўз исботини топган ҳолатлар юзасидан хизмат текширувлари олиб борилаяпти”.
Бош прокуратура Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Сурайё Раҳмонова коррупция ҳолати билан қўлга тушган мансабдор шахслар қачонки тезкор тадбирда жиноят устида қўлга тушган тақдирда маълумот тўлиқ берилаётганини маълум қилди. Бу жараёнда ҳеч бир фуқаронинг касби ёки шахси ажратилмайди. Баъзи ҳолатларда юқори мансабдор шахс билан жиноий ҳолатда махфийлик принципига амал қилиш талаб этилиши айтиб ўтилди.
Тергов жараёнида қийноққа солиш билан боғлиқ ҳолатлар учраётганлиги ҳақидаги саволга шундай жавоб берилди: “Барча жазони ижро этувчи муассасаларда мониторинг ўтказилди, барча тергов ва бошқа муассасаларда видеокузатув мосламалари ўрнатилган. Бироқ, қийноқлар билан боғлиқ мурожаатлар борлигини инкор этмаймиз. Айрим ҳолларда мурожаат ўз исботини топмаяпти. Исбот топилган ҳолатларда хизмат текшируви ўтказилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда”.
Матбуот анжуманида Бош прокуратурага келаётган мурожаатлар жуда кўплиги, фақат ҳуқуқий таъсир кўрсатиш талаб этиладиган мурожаатлар прокуратура томонидан кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши айтиб ўтилди.
Анжуман якунида Бош прокурор ўринбосари қонун устувор бўлиши учун барча бирдек масъул эканини қайд этди. Ҳеч ким қонунсизликка кўнмаслиги, аксинча, қонуний ҳақини талаб қилишни билиши керак. Шунда қонунбузарлик барҳам топади.