Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мактаблардаги бюрократия, жумладан ота-оналардан ўқувчилар таътил вақтларида муносиб хулқ-атворда бўлишини кафолатлаш тўғрисидаги кафолат хатини имзолашни талаб қилинаётганини қоралади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган кафолат хатида ота-оналардан қишки таътил вақтида болаларининг компьютер клубларига, масжидларга бормаслиги, пиротехника воситаларини сотиб олмаслиги ва улардан фойдаланмаслигига, жамоат тартибини бузмаслиги ҳамда жиноят содир этмаслигига кафолат бериши талаб қилинади.
Қайд этиш жоизки, кўп йиллардан буён қишки ва ёзги таътиллар олдидан ота-оналарга бу каби хатлар мунтазам равишда юбориб турилади.
«Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 73-моддасида ота-оналар фарзандларини тарбиялашга масъул эканлиги баён этилган. Улар фарзандларининг саломатлиги, ақлий, жисмоний, маънавий ва ахлоқий ривожланиши учун ғамхўрлик қилишлари шарт. Шу боисдан ҳам, ота-оналардан ноқонуний равишда ёзма кафолатларнинг талаб этилиши нотўғри ҳисобланади», — дейилади ХТВ матбуот хизмати хабарида.
«Янги йилни осойишталикда кутиб олиш, мактаб ва хонадонларда ёнғин ҳамда техника хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мактаб раҳбарлари, ўқитувчилар, шу билан бирга ота-оналар ҳам болалар орасида пиротехника билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар салбий оқибатларга олиб келиши ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориши керак», — дея қайд этди вазирлик.
«Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ўсмирлик давридаги инқирозларни, шунингдек, жиноятчиликни келиб чиқишини олдини олиш, ўғил-қизларни ахборот майдонидаги таҳдидлардан огоҳлантириш мактаб ўқитувчилари ва ота-оналарнинг доимий бурчи эканлигини таъкидлайди», — дея эслаб ўтди ХТВ.