Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясига 70 йил тўлди

Тарихдан маълумки, ҳар бир давлат ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини акс эттирувчи кўплаб қонунлар қабул қилган, йилдан-йилга, асрдан-асрга бу ҳужжатлар тўлдирилиб, такомиллаштириб борилган. Айнан мана шу қонунлар гарчи қатор камчиликлари билан бўлса-да, умумий қоидаларни белгилашда муҳим омил бўлган.

Ҳар қандай қонунларнинг асл моҳияти инсонларнинг манфаатлари учун хизмат қилиши зарурлиги ҳисобга олинса, бундан роппа-роса 70 йил муқаддам, 1948 йилнинг 10 декабрида қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси»нинг башарият тарихида нақадар муҳим ҳужжат экани аён бўлади.

 

Нью-Йорк яқинидаги Лейк-Саксес шаҳарчасида Элеонора Рузвельт раислигидаги йиғилиш
Фото: БМТ

1945 йил. Одамзод Иккинчи жаҳон урушидан қутулиб, ўзининг хунрезликларидан даҳшатга тушиб турган бир пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилди. БМТ ўзининг бош вазифаларидан бири сифатида жаҳондаги инсон ҳуқуқларини таъминлаш дея белгилаб олди.

Эзгу мақсадни кўзлаган БМТ томонидан бу масала юзасидан махсус комиссия тузилди ва 1947 йилнинг 27 январидан бошлаб 10 февралига қадар Лейк-Саксес шаҳарчасида Элеонора Рузвельт бошчилигидаги бу комиссия «Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси»нинг дастлабки қоралама ҳужжат устида ишладилар.

Ҳуқуқлар тўқнашуви

Инсон ҳуқуқларини ўзида акс эттирган умумий ҳужжат яратиш лозимлигини ҳамма тушунар, аммо бу осон масала эмасди. Сабаби ҳар бир давлатнинг ўз қонунлари, ҳуқуқлар бўйича ўз тушунчалари бўлиб, қайсидир давлат фуқароси учун оддий туйилган ҳуқуқ (масалан кўпхотинлилик) бошқа бир давлат фуқаросининг тасаввурига ҳам сиғмасди. Комиссиянинг илк йиғилишидаёқ томонлар баҳсларга киришиб кетишди ва бу шаклда ишлаш самара бермаслиги аён бўлиб қолди. Шундан сўнг, комиссия аъзолари уч гуруҳга бўлинди ва ҳар бир гуруҳ ўз лойиҳасини тайёрлашга киришди. Якунда ҳар бир гуруҳнинг энг илғор таклифлари умумий лойиҳага киритилиши, умумий лойиҳани эса комиссиянинг келгуси йиғилишида кўриб чиқиш белгиланди.

1947 йилнинг 9 июнида комиссиянинг кенгайтирилган таркиби йиғилишида бу борада аниқ тўхтамга келиш нақадар қийинлиги яна бир бор маълум бўлди. Комиссиянинг қайсидир нуфузли аъзоси ҳар бир инсон керакли миқдорда егулик, бошпана ва иш билан таъминланиш ҳуқуқига эга бўлиши шартлиги, бусиз ҳеч бир умумий қонун тўғрисида гапириш бефойдалагини таъкидласа (ва ҳақ бўлса), бошқа биров эндигина урушдан чиққан давлатлар учун бундай даражага чиқиш мумкин эмаслигини айтиб рад этар ва бу фикр ҳам тўғри эди.

Комиссиянинг бошқа бир аъзоси эса инсоннинг фикрлаш, ўз қарашларини ифода қилиш, сиёсий жараёнларда иштирок этиш каби ҳуқуқларига урғу берар, бу ғояларга қаршилар ҳали демократия каби тушунчалар дуруст шаклланиб улгурмаган бир даврда бундай юксак марраларни кўзлаш декларациянинг бефойда бир қоғозга айланиб қолишидан ҳадиксирашарди.

 

Элеонора Рузвельт
Фото: БМТ

«Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси»нинг лойиҳаси деярли икки йил муддат муҳокама қилинди ва 1948 йилнинг 10 декабрида қабул қилинди. Ўша даврда БМТ аъзолари бўлган 58 давлатдан 48таси бу ҳужжатни ёқлаб овоз беришди. Таъкидлаш жоизки, бунга қадар ҳам инсон ҳуқуқларини акс эттирувчи ҳужжатлар, қонунлар, пактлар турли давлатлар доирасида бўлган. Аммо мазкур декларациянинг ўзига хос жиҳати унинг умумжаҳон аҳамиятига эга экани, тарқоқ тушунчаларни бирлаштиргани, барча учун умумий жиҳатларни жамлай олганида эди.

 

Декларация билан боғлиқ муҳим саналар:

1939 йил. Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши: Германиядаги фашистлар режими яҳудийлар ва бошқа миллий озчилик вакилларини йўқ қилиш бўйича дастур қабул қилишади ҳамда амалга оширишга киришишади;

1945 йил, 25 апрель. БМТ низомини яратиш бўйича дастлабки анжуман ўз ишини бошлайди;

1945 йил, 26 июнь. БМТ низоми 50та давлат томонидан қабул қилинади;

1945 йил, 2 сентябрь. Япония капитульяцияси, Иккинчи жаҳон урушининг якуни;

1945 йил, 24 октябрь. БМТ низоми кучга кирди;

1946 йил, 10 январь. Лондонда БМТнинг биринчи Бош Ассамблеяси иш бошлади, инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия тузилди;

1948 йил, 10 декабрь. БМТ Бош Ассамблеяси «Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси»ни қабул қилди;

1961 йил, июль. Лондонда Халқаро амнистия ташкилоти тузилди;

1968 йил, май. Теҳронда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро анжуман ўтказилади. Декларациянинг фаол муаллифларидан бири Рене Кассен Нобель мукофотига сазовор бўлди;

1971 йил. «Чегара билмас шифокорлар» ташкилоти тузилди;

1978 йил. Human Rights Watch — инсон ҳуқуқлари бўйича аҳволни мониторинг қилувчи нодавлат ташкилот тузилди;

1993 йил, июнь. Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон анжумани (ингл. World Conference on Human Rights) Вена шаҳрида ўтказилди. Ҳаага халқаро трибунали тузилди;

1994 йил. Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи бош комиссар тайинланди;

2008 йил. Халқаро амнистия ташкилоти декларация қабул қилинганининг 60 йиллигига бағишлаб дунёдаги инсон ҳуқуқлари бўйича  маъруза тайёрлади;

2018 йил ноябрь. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан Самарқандда ташкил этилган «Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми» бўлиб ўтди.

Маълумот учун: мазкур декларациянинг 13-моддасида шундай сўзлар битилган:

1. Ҳар бир инсон ҳар бир давлат доирасида эркин юриш ва яшаш жойи танлаш ҳуқуқига эга.

2. Ҳар бир инсон ҳар қандай мамлакатдан, хусусан ўз мамлакатидан чиқиб кетиш ва ўз мамлакатига қайтиб келиш ҳуқуқига эга.