Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, қуйидагилар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий органларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
- аҳолига сифатли ва ўз вақтида тиббий хизматлар кўрсатишни таъминлашда, шу жумладан, давлат томонидан кафолатланган ҳажмларда, Вазирликнинг органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг роли ва масъулиятини оширишга йўналтирилган фуқароларнинг соғлиғини сақлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
- демографик ўзгаришлар ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш истиқболларини прогнозлаш, аҳолининг саломатлиги ва касалланиши ҳолатини комплекс таҳлил қилиш;
- жамоат соғлиғини сақлаш устуворлигини, касалликларни профилактика қилиш ва олдини олиш, патронаж хизмати ва фуқароларни уйма-уй юриб кўриб чиқиш, аҳолини соғлом турмуш тарзини кечиришга ундаш, уларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, энг аввало, ўз соғлиғи ва атрофидагилар соғлиғини муҳофаза қилишга масъулият руҳида тарбиялашни таъминлаш;
- соғлом авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш, ҳаёт сифати ва узоқ умр кўриш даражасини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳолининг соғлиғини сақлаш ва санитария-эпидемиологик осойишталик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш;
- ҳам тиббий ёрдамни хизмат кўрсатилаётган аҳолига яқинлаштириш, ҳам ахборот технологияларини (телетиббиёт), медицина стандартларини, протоколлар ва тавсияларни кенг миқёсда жорий этиш ҳамда етакчи хорижий ва маҳаллий мутахассисларнинг тажрибасини минтақавий тиббиёт муассасаларининг тиббиёт ходимларига бериш орқали аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитар, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам сифати, оммабоплиги ва тезкорлигини ошириш;
- дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласини давлат томонидан тартибга солиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, уларни, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида қўллашга рухсат этилган асбоб-ускуналарни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш;
- ёлғиз қариялар, пенсионерлар, ногиронлиги бор шахсларнинг ижтимоий ҳимоя қилинишини такомиллаштириш, уларни даволашни, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактик тадбирларни кенгайтириш, даволанишнинг замонавий услубларини қамраб олиш ва қўллаш йўли билан тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш;
- тиббий таълим муассасалари, олий ўқув юртидан кейинги таълим ва соғлиқни сақлаш мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш устидан услубий раҳбарликни таъминлаш орқали тиббий кадрлар тайёрлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
- маҳаллий тажрибани ва энг яхши жаҳон ютуқларини уйғунлаштириш асосида тиббиёт фанини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва прогнозлаштириш, илмий тиббий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, соғлиқни сақлаш амалиётига фан, техника ютуқларини ва илғор тажрибани жорий этиш;
- соғлиқни сақлаш тизимида ягона ташкилий-услубий раҳбарлик қилишни ва кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати назорат қилинишини таъминлайдиган, замонавий, халқаро амалиётда синалган соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш усулларини жорий қилиш.
Қарорга кўра:
- Хусусийлаштириш ва пуллик хизматларни ташкил қилиш маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг хусусийлаштириш ва пуллик хизматларни ташкил қилиш бўлимлари;
- “Ўзмединфо” электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш маркази тугатилди.
Вазирлик тузилмасида Давлат-хусусий шерикликни ва тиббий туризмни ривожлантириш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ҳамда давлат унитар корхонаси шаклида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази ташкил этилди, шунингдек уларнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Қарорга мувофиқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари бўйича жаҳон амалиётида қўлланиладиган воситалардан фойдаланган ҳолда соғлиқни сақлаш ҳисобларининг миллий тизими татбиқ этилади.
Шунингдек, қарор билан Соғлиқни сақлаш вазирининг розилигисиз давлат соғлиқни сақлаш муассасаларининг ер участкалари ва кўчмас мулклари бегоналаштирилиши тақиқланди.