Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланади.
Марказ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади.
Марказ ҳар йили Президент, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.
Қарор билан:
- инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, ушбу соҳадаги Ўзбекистон халқаро мажбуриятларининг бажарилиши бўйича давлат органлари фаолиятига кўмаклашиш;
- инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ҳолатини ўрганиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилишини мониторинг қилиш Марказнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.
Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини бажаришда фаол ва бевосита иштирок этиш, идоралараро ҳамкорлик қилиш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари, шу жумладан, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Қарорга мувофиқ, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ва уларни чеклаш масалалари бўйича қонун лойиҳалари Марказ билан мажбурий равишда келишилади.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 35 нафар кишидан иборат Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг янгиланган ташкилий тузилмаси;
- Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисидаги низом;
- Марказ ходимларининг меҳнатига Ягона тариф сеткаси бўйича ҳақ тўлаш разрядлари;
- Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар.
Марказ ходимларига Ўзбекистон адлия органлари ва муассасалари ходимлари учун назарда тутилган махсус унвон – мартаба даражалари берилади ҳамда мартаба даражалари учун устама ва кўп йиллик хизматлари учун қўшимча ҳақтўланади.
Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Марказ ходимлари лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари 1,7 баравар кўпайтирилган миқдорда қўлланилади.
Шунингдек, мазкур қарор билан Марказ:
- Давлат статистика қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суднинг статистик ахборотлари мажбурий жўнатмалар реестрига;
- Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилди.