Президентнинг 03.02.2025 йилдаги «Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида«ги ПҚ-41-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан давлат-хусусий шериклик асосида 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болаларни кундузги парвариш қилиш хизматини босқичма-босқич жорий этиш тартиби белгиланди:
-
2025 йил 1 мартдан Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида;
-
2025 йил 1 октябргача – республиканинг қолган ҳудудларида.
Бунда ногиронлиги бўлган болалар кундузги парвариш хизматига уларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ўртасида тузилган ижтимоий шартнома асосида, шунингдек Психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан берилган хулосага мувофиқ қабул қилинади.
Шу билан бирга 2025 йил 1 мартдан кундузги парвариш хизматларини ташкил этувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш тартиби жорий этилади. Унга кўра Давлат ижтимоий ҳимоя жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги субсидиялар назарда тутилади:
-
кундузги парвариш хизматидан бир кун фойдаланганлик учун 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун БҲМнинг 25 фоизи, 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун БҲМнинг 27 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Бунда вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари учун субсидия миқдори 1,1 оширувчи коэффициентни қўллаш орқали белгиланади;
-
Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг ногиронлиги бўлган ҳар бир боласи учун субсидиянинг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағ тўланади;
-
хусусий шерик томонидан кундузги парвариш хизмати ташкил этилган жойдан 3 км радиусдан узоқ масофада яшовчи болаларни ташиш учун транспорт хизмати йўлга қўйилганда, тарбияланувчининг мазкур хизматга амалда қатнаган кунлари сонидан келиб чиқиб, бир ой учун БҲМнинг 75 фоизигача миқдорида компенсация тўланади.
Шунингдек, ДХШ лойиҳаси доирасида 2027 йил 1 июлгача кундузги парвариш хизматини ташкил этган тадбиркорлик субъектларига мебель ва инвентарлар харид қилиш учун Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича имтиёзли кредитлар ажратилади.
2025 йил 1 мартгача «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» АТда қуйидаги функцияларга эга «Кундузги парвариш хизматини бошқариш» ахборот модули ва унинг мобиль иловаси яратилади:
-
шахсни биометрик идентификациялаш технологияси орқали тарбияланувчиларнинг давоматини юритиш;
-
тарбияланувчиларнинг давомати маълумотлари асосида субсидиялар миқдорини автоматик ҳисоблаш.
2025 йил 1 сентябргача болалар ривожланишида кузатиладиган нуқсонларни эрта аниқлаш, комплекс ижтимоий-тиббий ёрдам билан ўз вақтида қамраб олиш ва болаларда ногиронликни олдини олиш, шунингдек ногиронлиги бўлган болаларнинг муваффақиятли ижтимоийлашувини таъминлашга кўмаклашадиган «Болалар саломатлиги» АТ жорий этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.02.2025 йилдан кучга кирди.