Бугунги кунга келиб, антропоген омил туфайли экологияга инсоният томонидан етказилаётган зарар миқдори кун сайин ортиб бормоқда. Табиийки бу жараённи олдини олиш ва унинг таъсирини камайтириш жаҳон ҳамжамияти олдида турган энг долзарб вазифалардан бири саналади. Масалагақисқа муддатли ечим сифатида, БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси доирасида, 2015 йил 12 декабрда консенсус асосида Париж келишуви қабул қилинган эди.
Юқоридаги масаларга ечим сифатида бугун кўпчилик саноат корхоналари ва инновациялар жорий этувчи марказлар томонидан яшил технологиялар ишлаб чиқарилиши кун сайин оммалашмоқда. Бугун уларнинг жаҳон ва Ўзбекистонда жорий этилиши ва иқтисодиётдаги ўрни ҳақидаги масалаларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Яшил технологиялар ва уларнинг аҳамияти
Яшил технологиялар (шунингдек, экологик технологиялар Атроф-муҳит технологияси, яшил технология, greentech) ишлаб чиқариш жараёнлари ва таъминот занжирлари экологик тоза ёки анъанавий ишлаб чиқариш усулларига нисбатан камроқ зарарли бўлган технологиялардир. Ушбу технологиялар экологик, иқтисодий, технологик ва инновацион соҳаларда татбиқ этилиб, чиқиндиларни қайта ишлаш, электр энергиясининг муқобил манбаларидан фойдаланиш ва ҳоказо масалаларни ҳал қилади. Бундай технологиялардан фойдаланиш мисоллари сифатида сувни биологик тозалаш, гидроэнергетика, қуёш энергияси, яшил АКТ, ҳар қандай турдаги чиқиндиларни қайта ишлаш (БМП), шу жумладан органик чиқиндиларни қайта ишлаш технологияларини келтириб ўтиш мумкин.
Жаҳон иқтисодиётининг «яшил» секторининг кўлами ҳали ҳам нисбатан кичик, шунинг учун ихтисослаштирилган адабиётларда «яшил» иқтисодиёт тушунчаси билан бир қаторда иқтисодиётнинг “яшил куртаклари” (green shoots) атамаси кўпинча қўлланилади. Дарҳақиқат, 2010 йилда ушбу соҳада ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар қиймати 2 триллион доллар ёки жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 2,7 фоизини, фойда 530 миллиард долларни, бандлик 10 миллион кишини ташкил этди.
Ўзбекистон ҳам мазкур соҳадаги ислоҳотларни амалиётга жорий этишда минтақада етакчи давлатлардан бири саналади. Бу борада ҳатто қонунчилик тизимида бир нечта норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги давлатнинг соҳа истиқболига бефарқ эмаслигидан дарак. Хусусан, 2019 йил 4 октябрдаги ПҚ-4477-сонли Қарорга асосан, Ўзбекистоннинг 2019 — 2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланган.
Унга кўра, мазкур даврда умумий электр энергияси эҳтиёжида қайта тикланувчи энергоресурслар улушини 25% га етказиш, транспорт харажатларини қисқартириш ва транспорт соҳасининг самарали фаолиятини таъминлашга қаратилган ягона комплекс ривожланиш сиёсатини шакллантириш, шаҳарни узоқ муддатли ривожлантириш режалари ва экологик хавфсизлик чораларига мувофиқ «яшил» транспортни ривожлантириш, «яшил» кредитлаш, венчур молиялаштириш тизимини жорий этиш каби вазифалар белгилаб берилган.
Энергоресурслар тақчиллигига ечим сифатида дунё мамлакатлари томонидан кенг жорий этилаётган водород энергетикасини юртимизда оммалаштирилиши борасида Президентимизнинг 2021 йил 9 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти ҳамда унинг тузилмасида Водород энергетикаси илмий-тадқиқот маркази ҳамда Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси технологияларини синаш ва сертификатлаш лабораторияси фаолиятини йўлга қўйиш таклифлари маъқулланди. Институт илмий ходимларига эса қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Ўзбекистонда жорий этилган “яшил технологиялар”
Бу борада Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қиймати 5,9 млрд сўмга тенг 4 та лойиҳа молиялаштирилди. Бундан амалий натижаси сифатида ЎзР ФА Материалшунослик институти томонидан Қуввати 10 кВтга тенг водород олишга мўлжалланган термокимёвий реакторнинг тажриба нусхасининг дастлабки варианти “Modelica” ҳамда “Solid works flow simulation” дастурларида ишлаб чикилди.
Энергетика соҳасида сўнгги йилларда қуёш энергияси ишлаб чиқариш борасида бир қанча лойиҳалар ишлаб чиқилиб, улардан дастлабкиси сифатида БААнинг “Масдар” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Nur Navoi Solar” лойиҳаси бўлиб, у бир йилда 80 млн тонна табиий газ тежалишига ва 160 минг тонна иссиқхона гази чиқишини олдини олишга хизмат қилади. Экспертларнинг фикрига кўра мазкур соҳадаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланилган тақдирда, 600 млрд кв соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши ва бу Ўзбекистоннинг бугунги электр энергияси истеъмолидан 8 маротаба кўп.
Ўзбекистонда мавжуд энг йирик экологик муаммо бу Орол муаммоси саналаниб, мазкур муаммони олдини олишга қаратилган қиймати 2,4 трлн сўм эквивалентда 71 та тадбир, шунингдек 1,9 трлн сўмлик 65 та устувор инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу борада тупроқ деграгациясини олдини олиш, тузлар кўчишини олдини олувчи ўсимликларни экиш каби лойиҳалар амалиётда қўлланилиши белгиланган.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида Исроил ва Туркия билан ҳамкорликда сувни тежовчи “яшил технологиялар” жорий этилиши йил сайин ортиб бораётганлиги ҳам соҳадаги ютуқлардан саналади.
Қурилиш соҳасида қайта тикланувчи каннабис ўсимлигидан “костробетон” ишлаб чиқариш режалаштирилган (ВМнинг 2020 йил 7 декабрдаги 770-сонли қарор асосида).
Ўзбекистонда “яшил технологиялар”ни ҳаётга тадбиқ этишдаги муаммо ва камчиликлар
Аммо мазкур соҳада қилинадиган ишлар ҳали етарлича ҳисобланади, келажакда мазкур соҳада фаолият юритувчи кадрларни етиштириш, хорижий илмий тадқиқот институтлари ва саноат корхоналари билан илмий ва амалий ҳамкорлик ўрнатиш, хорижий грантларни ўзлаштириш устувор вазифалар саналади.
Қишлоқ хўжалигида: ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сақлашда мини цех ва сақлаш хоналарининг сон жиҳатдан камлиги, тупроқ деграгациясининг ортиши, чучук сув заҳираларининг йил сайин камайиши, минтақадаги асосий сув заҳирасининг асосий қисми қўшни давлатларда жойлашганлиги;
Молиялаштириш масаласида: Бизга маълумки маълум соҳани ривожланишида дастлабки туртки давлат томонидан берилиши нормал ҳолат аммо давлат яхши бизнес вакили эмаслиги ҳам сир эмас. Дунёда яшил технологиялар ривожланишида турли корпорациялар, банклар, молия институтлари молиялаштирувчи ролида иштирок этишади. Ўзбекистонда эса бу борада маълум муаммолар мавжуд. Буни биз амалга оширилган ишлардаги молиялаштирувчи манба сифатида бюджет маблағлари сарфланаётганлигидан ҳам гувоҳ бўламиз.
Бу соҳа ҳали янги бўлсада соҳалар кесимида маълум муаммолар мавжуд, бу ўз навбатида соҳа ривожи учун стимул бўлиш билан бирга, уни ривожи учун муаммолар ҳам туғдиради.