Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 2,4 гектар ерни 980 минг долларга сотишга уринишнинг олдин олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
6 май куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига Э.Н. исмли фуқаро ариза билан мурожаат қилган. Унинг айтишича, И. ва Ҳ. исмли фуқаролар унга таниши Д. исмли фуқаронинг номида бўлган 2,4 гектар ер майдонини 980 минг АҚШ долларига сотиб олишни, келгусида ҳокимият идораларидаги танишлари орқали ушбу ер майдонларига коттеж қуриш учун ҳужжатларини расмийлаштириб беришни таклиф қилишган. Олдиндан бўнак сифатида эса 98 минг доллар талаб қилишган.
Мазкур аризага асосан, шу куни Бош Прокуратура, ИИВ ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Фуқаролар И. ва Ҳ. Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган «Дилнур» ошхонасида ариза муаллифидан бўнак сифатида 49 минг АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган. Фуқаролардан бири Бўстонлиқ туман йўл-қурилиш бошқармаси раҳбари ўринбосари бўлиб чиқди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаролар ушланган. Тошкент вилояти прокуратураси тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.