Фарғона тумани прокурори ташаббуси билан хайрия тадбири ўтказилди

Юртимиз узра меҳмон бўлиб турган Рамазон ойи ҳам охирлаб, мана жойларда Рамазон ҳайити байрамига ҳам тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Буни шаҳар ва туманларда ўтказилаётган турли хайрия ишларидан ҳам яққол кўришимиз мумкин.

Кимдир Савоб илинжида синиқ кўнгилларни шод этиб, кўпларни дуосини олай деса, яна кимдир ўзини кўз-кўз қилиш учунгина эҳсон қилаётгани ҳам бугун ҳеч кимга сир эмас.
Аммо Фарғона тумани прокурори Отабек Ахраров ўзини кўз-кўз қилишни эмас, аксинча, Савоб амал тўплашни яхши кўрадиганлар хилидан. У жуда ташаббускор бўлиб, қўлидан келганча, халқ хизматига бел боғлаган инсон. Куни кеча 2-сектор раҳбари Отабек Ахраровнинг ташаббуси билан Рамазон ҳайити арафасида сектордаги боқувчисини йўқотган, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 20 нафар фарзандларига ҳомийлар ёрдамида кийим-кечак, ўқув қуроллари ҳамда велосипед ва ўйинчоқлар олиб берилди.

Ҳамда ушбу оилалар ва уларнинг болаларига байрам дастурхони ёзилди. Дастурхон атрофига йиғилганларнинг кайфияти ўзгача дилида шукроналик ҳисси барқ уриб турибди.
Бундан ташқари, шу куни уларга Фарғона туман прокуратураси ходимларининг фаолияти таништирилди. Фуқаролар пайтдан унумли фойдаланиб, ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан жавоблар олдилар.

Шунингдек, келгусида ёшларнинг ўз касбини танлашлари ҳамда мустақил ҳаёт йўлларида ўз ўрниларини топишлари учун соҳа вакиллари мотивациялар беришди. Бундан кўриниб турибдики, Фарғона туманида Секторлар фаолияти режадагидек амалга оширилаяпти.

Маъруфа СОЛИЕВА