ЁШЛАР ОРАСИДАГИ ЖИНОЯТЧИЛИК – ЖАМИЯТНИНГ ЭНГ ОҒРИҚЛИ НУҚТАСИДИР

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 27 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ички ишлар органлари ва давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, ёшлар орасида жиноятчиликни янада камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ва унинг оғир оқибатлари бугун бутун жаҳон жамоатчилигини ташвишга солмоқда. Таниқли сиёсатчилар, олимлар бу борада тезроқ чора-тадбирлар кўриш, амалий ишлар қилиш кераклигини уқтириб, таклиф-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

Мамлакат мустақиллигининг, тараққиётининг тақдири аввало ёшларга, уларга қандай таълим-тарбия бераётганимизга боғлиқ. Бу ҳақиқатни бир лаҳза бўлса ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.

Ёшлар халқаро олимпиадаларда, спорт мусобақаларида қатнашиш, ғалаба қозониш ўрнига жиноят қилса, ўзининг ҳам, ўзганинг ҳам ҳаётини барбод қилса, бу даҳшат-ку ахир.

Касбим тақозоси билан асосий вақтим ёшлар орасида ўтади. Тажрибамга таяниб, тўла ишонч билан айта оламанки, ёшларнинг жиноят кўчасига киришига аввало оила, маҳалла, у ўқиётган мактаб, олий ўқув юрти айб­дор. Гарчи аччиқ бўлса ҳам ушбу ҳақиқатни тан олишга мажбурмиз.

Ёшлар қачон жиноят қилади? Унга нисбатан эътиборсизлик, адолатсизлик қилинса, ғамхўр­лик кўрсатилмаса, бир сўз билан айтганда, иложсиз, ҳимоясиз қолганда жиноий тўдалар уни ўз домига тортиб олади. Ёшларни бу йўлдан қайтаришнинг имконияти борми? Бор, албатта! Бунинг учун мутасаддиларнинг жавобгарлиги ва масъулияти оширилиши керак.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, бир ёш йигит ёки қизнинг умри хазон бўлса-ю, бунинг учун ҳеч ким ўзини айбдор ҳис қилмаса, жазоланмаса?! Жиноятга яқинлашаётган ёшларга нисбатан лоқайдлигимиз сабабли жиноятлар содир бўлаётганини, унинг иштирокчилари ёшлар эканлигини англаш вақти келди. Улар бирор муаммога дуч келганда, томошабин бўлиб туриш, ёрдам қўлини чўзмаслик энг катта гуноҳ бўлса керак, деб ўйлайман. Бундай вазиятда унинг дўстлари, яқинлари, ўқитувчилари ёнида бўлиб, оғир вазиятдан чиқиб кетишига кўмаклашишлари керак. Ушбу ҳолатда педагогика ва психология фанининг энг замонавий услубларидан фойдаланиш зарур. Ёшлар тарбиясидаги ҳар қандай хато бир оила муаммосидан жамият муаммосига айланади. Шунинг учун бу борада ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик, узвийлик тамойилларига амал қилиш зарур.

Мен «Ёшлар — ёшларга» тарғибот гуруҳларини тузиш, мавжудларининг фаолиятини жонлантириш тарафдориман. Чунки тенгдошларнинг руҳий яқинлиги, бир-бирини осон тушуниши, таъсир кучи катта бўлиши фанда аллақачон исботланган.

Президентимиз масъулият ҳақида гапирди. Ҳеч бир ёш жиноятчи бўлишни мақсад қилмайди. Лекин баъзи бирлари ҳаётнинг оғир-енгил синовларига дош беролмасдан, жиноят йўлига кириб қолганлигини билмай қолади. Мана шу ўринда масъулиятсиз ота-она, муаллим, синфдош, курсдош, маҳалладош кузатувчи бўлиб ўтиради. Мана иллатнинг илдизи қаерда.

Ёшлар таълим-тарбиясида масъулиятни унутишга ҳаққимиз йўқ. Бу келажакка хиёнатдир.

                                                                                                           Баҳодир ТЎРАЕВ, «Ипак йўли» туризм халқаро университети

                                                                                          проректори, иқтисод фанлари доктори, профессор.