Наманганда электр таъминотидаги узилишлар кўпаймоқда

Наманган вилоятида қиш мавсуми келмай туриб электр таъминотидаги узилишлар кўпайиб, вилоят электр тармоқлари корхонасига жисмоний ва юридик шахслар томонидан мурожаатлар сони ортиб бормоқда. Корхонанинг “Ишонч телефони”га ноябрь ойининг 12 куни давомида электр таъминотидаги узилишлар юзасидан 840 та қўнғироқ қайд этилган. Улар асосан Наманган шаҳри, Уйчи, Наманган, Мингбулоқ, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон ва Косонсой туманларига тўғри келмоқда. Бу ҳақда «Turon24.uz» ахборот агентлиги хабар берди.

“Кунига 3-4 маротаба, камида 2 соатдан ўчади. Устига-устак, электр қуввати ҳам 220 вольт эмас, ярмисига тўғри келаётган бўлса керак, чунки лампочка доим қизариб туради. Эрталаб, энди нонушта қилиб, ишга жўнайдиган пайтингиз ўчади. Кечки пайт ишдан чарчаб келиб, телевизор кўраман деганингизда яна шу аҳвол», дейди Наманган шаҳридаги “Бунёдкор” маҳалласида истиқомат қилувчи Шаҳло Мирзаева.

“Наманган туманининг Муллакудинг қишлоғида яшайман, туман маркази Тошбулоқдаги мактабларнинг бирида ишлайман. Мактабда свет ёниб-ўчаверганидан компьютерларда ишлашнинг иложи йўқ. Пластикдаги пулни накд килиш учун банкка борсак, у ерда ҳам свет йўқ, турнақатор навбат. Уйни-ку, айтмаса ҳам бўлади, ўчиб-ёнаверганидан электр приборларимиз ишдан чиқяпти. Ишдан кеч қайтганда қоронғида овқат қилишга тўғри келяпти», дейди исми-шарифини очиқлашни истамаган ўқитувчи аёл.

Шу тумандаги “Соҳибкор” маҳалласида яшовчи Ўктамхон Ғаффорованинг айтишича, электр кунига 5-6 марта ўчиб-ёнади, ҳар гал 2-3 соатга. 18 ноябрь, якшанба куни эса эрталаб 9 лар атрофида ўчган свет соат 15 дан кейин ёнган.

Уйчи туманининг марказдан 3 км узоқда жойлашган “Гулбоғ” маҳалласидаги коттежларда яшовчи аҳоли ҳар икки соатда 2 соатдан свет ўчаётганидан нолиди. “Намунали уйларда ўтирсак, уй учун фалон пул кредит тўласак, бу нима аҳвол?” дея эътироз билдирмоқда улар.

Шу туманнинг Ёркатай, Хўжаобод, Ёрқўрғон, Чортоқ туманининг Мучум қишлоқларида кунига 8-9 маротаба свет ўчиши одатий ҳолга айланди. Аҳоли бунга “электрнинг ҳам светофордан фарқи қолмади”, дея изоҳ бермоқда.

Электр энергиясидаги узилишлар касалхоналар, ҳатто ҳокимлик идораларида ҳам кузатилмоқда. Наманган шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган, ўзини Азимжон деб таништирган беморнинг айтишича, 20 ноябрь куни соат 12:00 лар атрофида ўчган свет орадан 4 соат ўтиб ёнган. Бу ерда кунига ҳар 3-4 соатда бир марта, камида бир соатдан ўчади.

Туманлардан биридаги ҳокимликнинг исм-шарифини очиқламаган ходимининг айтишича, бу ерда ҳам электр таъминотидаги узилишлар одатий ҳолга айланган.

“Компьютерда энди бирор маълумотни тайёрлаб, вилоятга узатамиз деб турганда свет ўчади. Мажлисга одам айтгани безиллаб қолдик, чунки свет ўчса, ўз-ўзидан микрофон ишламайди, зал совиб кетади», – дейди у.

“Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ тақсимлаш-электр тармоқлари хизмати бошлиғи Тоҳиржон Юсуфжонов буни мамлакат иссиқлик электр станцияларидан биридаги таъмирлаш ишлари билан изоҳлади.

“Таллимаржон иссиқлик электр станциясида ишлаб чиқариш қуввати 800 мегаватт бўлган блок таъмирга чиқарилди. Шунинг учун кечки максимум пайтларида, соат 18:00 дан 22:00 гача қисқа – 20 дақиқадан 1 соатгача чекловлар киритилмоқда. Бу тадбир узоқ давом этмайди. Лекин қишнинг совуқ кунларида эрталабки ва кечки максимум соатларида, фавқулодда ҳолатларда ҳам чекловлар киритилиши мумкин», дейди Тоҳиржон Юсуфжонов.

Мутасаддига кўра, чекловлар асли электр тармоқлари корхонаси учун ҳам оворагарчиликлар ва ортиқча харажатларга сабаб бўладиган амалиёт. Чунки вилоятдаги подстанцияларга боғланган 300 нафар навбатчи топшириққа биноан уларни ўчириб-ёқади, навбатчилар бўлмаган манзилларга эса бригада юборилади. Ўчириб-ёқилаверганидан сўнг қурилмаларни жорий ва мукаммал таъмирлашга эҳтиёж сезилади.

Тоҳиржон Юсуфжонов олинаётган электр энергияси ҳажми ошганини аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари орасида энергия истеъмоли кўпайгани билан тушунтирмоқда. Унинг айтишича, вилоятда кейинги вақтда 10 дан ошиқ иқтисодий ва саноат зоналари ишга туширилгани, уларда ўнлаб янги корхоналар иш бошлаганини эътиборга олиш зарур.

Тоҳиржон Юсуфжонов юзага келаётган муаммоларга шарҳ берар экан, аҳолининг катта қисми уйни иситиш ва овқат қилиш учун электр энергиясидан фойдаланаётгани, шаҳар шароитида асосан “иссиқ пол”, кондиционерлар ва иситгичлар қўлланаётгани, шунингдек, энергия тежовчи лампалардан фойдаланиш кутилган даражада ҳали оммалашмаганини таъкидламоқда.

Унинг айтишича, келгуси йили Тўрақўрғон ИЭСнинг биринчи навбати ишга тушганидан сўнг ушбу муаммоларнинг аксари ҳал бўлади. Бир кунда 21,6 млн, бир ойда 648 млн киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган иншоот Фарғона водийсининг электрга бўлган эҳтиёжини 60-70 фоизга қоплайди.

Ҳозирча эса юзага келган шароитда Наманган бозорларида ёғоч-ўтин ва печкалар савдоси авжига чиқди. Печкаларни ҳолатига қараб 50 мингдан 100 минг сўмгача, уларнинг карнайларини эса 6-8 минг сўмдан харид қилиш мумкин. Битта мотороллёр ёки енгил машинадаги терак ўтинлари 200-250 минг сўм, ўрик ва бошқа мевали дарахтлар ўтини эса 300-400 минг сўмдан сотилмоқда.