Президент фармони билан Давлат экология қўмитаси ҳудудий органлари ҳузурида санитар тозалаш хизматлари ташкил этилади.
“Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот канали хабар бермоқда.
Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш Мажбурий ижро бюроси томонидан амалга оширади.
2019 йил 1 январдан бошлаб:
– қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар аҳоли томонидан ягона транзит банк ҳисобварақларига тўланади ва ушбу тўловлар кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг махсус ғазна ҳисобварақларига ўтказилади;
– махсус ғазна ҳисобварақларида жамланган маблағлар фақатгина хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар ҳақини марказлашган тартибда тўлашга, санитар тозалаш марказлари ва Санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмаси фаолиятини молиялаштиришга, чиқиндилар билан боғлиқ инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилади;
– жисмоний шахслар томонидан чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар олти ойдан ортиқ тўланмаган тақдирда Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан қарздорликни ундириш тўғрисидаги аризалар судларга киритилади.
Фармон билан Давлат экология қўмитаси ҳудудий органлари ҳузурида санитар тозалаш хизматлари ташкил этилиб ва уларнинг вазифалари белгилаб берилди.