Вазирлар Маҳкамасининг 07.10.2025 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида» 629-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 19.09.2025 йилдаги ПФ-173-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ишчи гуруҳ бир ой муддатда Миллий статистика қўмитасининг «Аҳолини рўйхатга олиш ахборот тизими»ни, шу жумладан қишлоқ хўжалигини ҳисобга олиш сўровномаларини синовдан ўтказади ва узлуксиз ишлашини таъминлайди.
2025 йил 15 октябрга қадар «маҳалла еттилиги» ходимларининг планшет қурилмалари синовдан ўтказилиб, уларга ахборот тизими ўрнатилади. 2025 йил 1 ноябрга қадар рўйхатдан ўтиш жараёнини техник қўллаб-қувватлаш учун «Колл-марказ» ташкил этиш ишлари якунланади.
Аҳолини рўйхатга олиш 2026 йил 15 январдан 28 февралгача ўтказилади ва рўйхатга олишнинг бошланиш вақти 2026 йил 15 январь соат 00:00 этиб белгиланди. Рўйхатдан ўтиш муддати 45 кун.
Респондентларнинг шахсий ва қишлоқ хўжалиги маълумотларини тўплашда рўйхатга олинган санадан кейинги ўзгаришлар ҳисобга олинмайди.
Хусусан, 2026 йил 15 январдан кейин туғилган болаларга рўйхатга олиш варақаси ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатлари тўлдирилмайди, балки рўйхатга олиш санасидан кейин вафот этган шахсларга тўлдирилади.
Шунга ўхшаш рўйхатга олиш ҳужжатлари 2026 йил 15 январдан кейин фермага олиб келинган ёки туғилган янги чорва моллари учун тўлдирилмайди, балки рўйхатга олиш санасидан кейин нобуд бўлган, сўйилган ёки сотилган, шунингдек бошқа сабабларга кўра фермадан олиб чиқиб кетилган чорва моллари учун тўлдирилади.
Аҳоли сони ва унинг таркибини ҳисоблашда қуйидагилар ҳисобга олинмайди:
-
мамлакат ҳудудида бир йилдан ортиқ бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари;
-
Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида аккредитация қилинган хорижий давлатларнинг доимий ваколатхоналари, халқаро, ҳукуматлараро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг давлат ташкилотлари ваколатхоналари ходимлари бўлган чет эл фуқаролари, шунингдек уларнинг оила аъзолари;
-
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ дипломатик имтиёзларга эга бўлган шахслар.
Қарор билан қуйидагилар ҳам тасдиқланди:
-
Ўзбекистон Республикасида аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш дастури;
-
Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишни ўтказиш учун сўровнома шакллари рўйхати;
-
Аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ҳамда унинг натижаларини эълон қилиш бўйича тадбирлар режаси;
-
Аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишни ўтказишда ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳ таркиби;
-
Аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг аҳамияти ва мазмунини тарғиб қилиш бўйича медиа режа.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 09.10.2025 йилдан кучга кирди.