Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кўпроқ аёлларнинг таълим олиши, сиёсий ҳаётдаги иштироки, зўравонликдан ҳимояланишига эътибор қаратиш зарур. Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича БМТ минтақавий маркази директори Наталья Герман 22 ноябрь куни Самарқандда инсон ҳуқуқларига бағишланган Осиё форумида шундай баёнот берди.
“Инсон ҳуқуқлари таъминланишида хотин-қизлар билан боғлиқ муаммолар муҳим ўрин тутади, – деди Наталья Герман. – Аёлларга сифатли ва замонавий таълим бериш ва мутахассис сифатида тайёрлашдан ташқари уларнинг бандлигини таъминлаш ҳам бугунги кунда долзарб масала ҳисобланади. Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш, аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш борасида ҳам олдимизда катта вазифалар турибди”.
Инсон ҳуқуқлари декларациясининг 70 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган мазкур форум ишини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори Акмал Саидов олиб борди. Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматтила Йўлдошев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум қатнашчиларига табриги ва мурожаатини ўқиб эшиттирди.
Президентнинг мурожаатида дунёда қуролли можаролар, ўзаро ишончнинг йўқолиши ва чуқурлашаётган зиддиятлар, этник ва миллатлараро келишмовчиликлар ҳамда бошқа умумбашарий таҳдид, чақирувлар тилга олинган. 70 йил муқаддам қабул қилинган инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси демократия ва инсонпарварлик тамойилларининг мустаҳкамланишида янги имкониятлар очгани ҳам мурожаатда таҳлил қилинган.
Шундан сўнг БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг анжуман қатнашчиларига видеомурожаати намойиш этилди.
“Инсонлар турли миллатга, турфа эътиқодга, турли насабга мансуб бўлиши мумкин, аммо ҳуқуқ ва эркинлик борасида улар тенгдир, – дейди БМТ бош котиби ўринбосари, БМТнинг Женевадаги бўлими бош директори Майкл Мёллер. – Бу ҳақиқатни қарор топтириш учун Инсон ҳуқуқлари декларацияси асос бўлади”.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Ингибёрг Солрун Гисладоттирнинг фикрича, демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш осон иш эмас, шу жараёнда жуда эътиборли бўлиш талаб этилади.
“Бунда ҳамкорлик жуда муҳим, – деди у. – Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумининг Ўзбекистонда ўтказилишини ушбу мамлакатда инсон ҳуқуқлари бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани билан боғлаш мумкин. Адолатнинг ўрнатилиши, фуқаролар манфаатининг устуворлиги минтақадаги хавфсизликни таъминлашга ижобий таъсир кўрсатиши муқаррар”.
Форум иштирокчилари Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонганинг ҳам видеомурожаатини тинглашди.
Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси президенти Георгий Церетели бўлиб ўтаётган Осиё форуми тарихий аҳамият касб этишига урғу берди. Очиқлик ва эркинлик шамоллари эсаётган Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари таъминланиши бўйича янги қадамлар ташланишига умид билдирди.
Форум доирасида секцияларга бўлиниб, ялпи йиғилишлар ўтказилди. Дастлаб “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси мероси – универсаллик ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги биринчи ялпи йиғилиши ўтказилди. Унга Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев модераторлик қилди.
“Инсон ҳуқуқлари – барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлаш учун асос” мавзусидаги иккинчи ялпи йиғилишни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов олиб борди.
Иккинчи ялпи йиғилиши учта мавзули ишчи гуруҳга бўлинган ҳолда иш олиб борди. Мазкур йиғилишларда Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Светлана Ортиқова, Адлия вазири Руслан Давлетовлар модераторлик қилди.
“Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: инновация ва янги талаблар” мавзусидаги учинчи ялпи йиғилишга ЕХҲТ демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси демократлаштириш масалалари департаменти бошлиғи Марчин Валецки модераторлик қилди.