Истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчи ўртасида тузиладиган шартномаларда томонларнинг бир қатор ҳуқуқлари белгилаб берилиши қаторида уларга муайян мажбуриятлар ҳам юкланадики, томонларнинг ўз зиммасига олган мажбуриятларини ўз вақтида, тўлақонли адо этиб боришлари келгусида бу борада турли эътирозлар келиб чиқишини олдини олади. Акс ҳолда турли келишмовчиликлар келиб чиқиб, масалага учинчи шахс ёки ташкилотларнинг аралашувига қадар бориб етишига ҳам сабаб бўлади.
Ёзёвон тумани «Марказий Фарғона» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи А.К. ҳам хонадонида интернет тармоғи яхши ишламаётганлиги борасидаги эътирози билан туман телекоммуникация тармоғига мурожаат қилгач, ҳолат мазкур ташкилот томонидан ўрганиб чиқилавермаганидан сўнг Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Мурожаат тегишли равишда қайд қилиб олингач, туман жамияти юзага келган ҳолатга аниқлик киритилиб, тармоқда юзага келган бўлиши мумкин бўлган нуқсонни бартараф қилиниши чора-тадбирларини кўрилиши юзасидан туман телекоммуникация тармоғига хат киритди. Унинг асосида мазкур ташкилот томонидан олиб борилган ишлар натижаси билан эса истеъмолчининг хонадонидаги интернет тармоғидаги нуқсон бартараф этилди.
– Менинг Федерация ишонч телефонига қилган мурожаатим асосида ўша кунни ўзидаёқ интернет ишга тушириб берилди. Бунинг учун сизларга ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди истеъмолчи мурожаатини ўрганиш якунлари бўйича туман жамиятига берган миннатдорчилик хатида.
Раҳматилло Шодмонов, туман жамияти бош мутахассиси.