Одам савдоси шундай бир иллатки, унинг жамиятга зарари диний экстремизмдан, гиёҳвандликдан, ОИТС (СПИД) касаллигидан қолишмайди. Энг ёмони, бу иллат инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларини, қадр-қимматини, эркинлигини, шаънини умуман чеклаб қўяди. Уни қуллик гирдобига тушуради.
Бу жирканч иллат мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Шу боис юртимизда бу жиноятга қарши кескин кураш олиб бориляпти. Чунончи, одам савдосининг олдини олиш, унга қарши самарали курашиш мақсадида бир қанча ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Масалан, мамлакатимиз БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан 2003 йил 12 декабрда қабул қилинган конвецияга қўшилган. Бундан ташқари, мамлакатимизда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ва бу қонун ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Маълумки, одам савдоси инсоннинг нафақат жисмоний кучини, балки, унинг салоҳиятини, тана аъзоларини, хаттоки, миллий қадриятларини бозорга солишга ҳам мажбур этади. Айрим нопок кимсалар осон йўллар билан бойлик орттириш мақсадида, хатто ўз яқинларини, таниш-билишларини турли хил алдов йўллари билан чет давлатларга олиб чиқиб кетмоқдалар. У ерда яхши иш, мўмай даромад топишини ваъда қилиб, охир-оқибат уларни ўзга кимсаларга сотиб юбормоқдалар. Бундай ҳолат ҳар бир миллатнинг фожиаси эмасми, ахир! Айниқса, бундай нопок ишларга аёлларнинг аралашганлиги ҳам кишини ташвишга солади.
Юртимизда тирикчилик қиламан, бойлик орттириб, уй-жой, тўйлар қиламан, деган кишилар учун барча имкониятлар мавжуд. Яъни, уларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган. Аммо, айрим кишилар, асосан ёшлар, бунга қаноат ҳосил қилмасдан хорижга ишлагани бориб, қуллик домига тушиб қоляптилар.
Чет элга ишлаш учун бориб, одам савдоси қурбонига айланмайин десангиз, юртимизда ўрнатилган қонуний талаб-қоидаларга риоя қилинг. Турли шубҳали, нотаниш кимсаларнинг ваъдаларига ишонманг. Ҳар бир таклифни олдиндан пухта ўйлаб қабул қилинг. Шундагина, ўзингизни, яқинларингизни хавотирга солмайсиз, хотиржамлигини йўқотмайсиз.
Огоҳ ва ҳушёр бўлайлик! Одам савдосини ўзига касб қилиб олган нопок кимсаларнинг тўрига илинмайлик.
Маъруфжон Мадаминов