Ўзбекистонда транспорт воситаларидан чиқиндиларни ташлаб юборганлик учун жарималар миқдори оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 10 октябрь куни айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра, ўзгартишлар уч ойдан сўнг (11 январдан) кучга киради.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янгиланган 123-моддасига кўра, поездларнинг вагонлари, автомобиль ва шаҳар электр транспортидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш — энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ҳозирги кунда жарима миқдори ЭКИҲнинг ўндан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Қонун билан белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш учун жавобгарлик жорий этилиб, сув таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш қоидаларини бузиш учун жавобгарлик кучайтирилди.