Фарғона вилоятида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳудудий гуруҳи томонидан барча шаҳар ва туманларда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш, бўш турган ер ва биноларни аниқлаш, инвестиция жалб этиш бўйича аниқланган муаммолар жойида ҳал этилаётир.
Бувайда туманида тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилганда, масалаларнинг аксариятини давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаси очишда учраётган тўсиқлар, кредит, жой олиш масалалари ташкил этди, деб хабар беради ЎзА.
Бувайда тумани марказини кенгайтириш лойиҳасига кўра, қатор дўкон ва объектлар белгиланган чизиқда жойлашишига қараб, бузилмоқда ёки қайта қурилмоқда. Аксарият тадбиркорларни қийнаётган масалалар мавзуси шу ҳақда бўлди. Тадбиркорларнинг муаммолари ҳудудий ишчи гуруҳ томонидан жойига бориб ўрганилди.
– Туман марказида бизнинг ошхона ва савдо дўконимиз бор эди, – дейди тадбиркор Раъно Усмонова. – Уларни бузилади, деб эшитиб, ҳафсаламиз пир бўлган эди. Ишчи гуруҳга мурожаат қилганимизда шу нарса маълум бўлди, бизнинг объектлар қизил чизиқнинг бу ёғида экан, демак, кўнгилни тўқ қилиб, фаолиятни давом эттирсак бўлади. Фақат жойларимизни архитектура талаблари асосида қайта қуриб, туманимиз ҳуснига ҳусн қўшадиган кўринишга келтириш талаб этилмоқда. Бунга бажонидил розимиз, икки қаватли замонавий биноларда харидору мижозларга хизмат кўрсатиш ўзимизга ҳам роҳат бағишлайди.
Бувайда тумани Узун маҳалласида истиқомат қилувчи Жавлонбек Жўраев 26 ёшда. У ўрдак боқиб, уларнинг сонини 2 минг 200 тага етказди. “Бувайда тулпорлари” фермер хўжалигига қарашли ерда кўл ташкил қилиб, паррандаларни боқмоқда. Ёш тадбиркор фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида қўшимча ер сўраб, ишчи гуруҳга мурожаат қилди ва унга ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда.
– Агар ерни олсам ўрдаклар учун кенгроқ жой, инкубатория, уларнинг дони учун майдон ҳам бўларди, – дейди Ж.Жўраев. – Укам ва бошқа тенгдошларимни ҳам ишли қилардим. Ўрдаклар сонини эса 5000 минг бошга етказардим.
Тадбиркорлар билан худди шундай мулоқот Учкўприк туманида ҳам ўтказилди. Унда тадбиркорлик лойиҳалар ва ташаббусларни ўз вақтида амалга ошириш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш, тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар ҳам ишчи гуруҳ диққат марказида бўлди.
Александр Ким “Учкўприк духоба – дакрон” масъулияти чекланган жамияти раҳбари. Унинг лойиҳасига кўра, пахта чиқиндисидан 100 фоиз экспорт қилинадиган целлюлоза маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
– Маҳсулотимизга Хитой, Жанубий Корея, Россия ва Европа мамлакатларидан харидорлар ҳам топиб қўйганмиз, – дейди Александр Ким. – Бошланишига 80 нафар учкўприклик иш билан таъминланади. Ишни уч сменада ташкил қилганимизда эса иш ўрни сони 240-250 тага етади. Экспорт ҳажми йилига 6 миллион 630 минг АҚШ долларини ташкил қилади. Хитой ва Германиядан дастгоҳлар келтириш учун кредитим сал кечикиб кетди, оқибатда корхонани вақтида ишга тушира олмадим. Белгиланган муддат келиб, жараён секинлашиб қолгани учун бундан буён солиқни икки баробар тўлашим керак экан. Шунинг учун кредит олишни янада тезлаштириш ва озгина қўшимча муддат сўраб, ишчи гуруҳ аъзоларига мурожаат қилдим. Ўйлайманки, ишларим ижобий ҳал бўлиб, яқин кунларда Учкўприкда целлюлоза маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошлайди.
Тадбиркорларнинг муаммолари қонун доирасида иложи борича ижобий ҳал қилиб берилиши таъминланмоқда. Ҳар куни ўнлаб тадбиркорнинг муаммосига ижобий ечим топилмоқда, бу юзлаб янги иш ўринлари яратилиши ва юрт обод бўлиши демакдир.