Фарғона вилояти прокуратурасида брифинг

Вилоят прокуратурасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида “Қурилиш соҳада прокурор назоратини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва кўрилаётган чоралар” мавзусида брифинг ўтказилди.

Унда, қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, жараённи рақамлаштириш ва инсон омилини қисқартириш юзасидан Президентимизнинг 17 ноябрь 2022 йилдаги 425 – сонли Қарори билан қурилиш лойиҳаларини бўйича давлат назоратини амалга оширишнинг янги тартиблари жорий этилганлиги ва 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб:

– қурилиш объектининг лойиҳачиси ва пудратчиси фақат “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимида инсон омилисиз аниқланиши;

– тендерда ғолиб бўлган лойиҳачи ёки пудратчи билан буюртмачи ўртасида автоматик тарзда электрон шартнома тузилиши;

– пудратчи томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳақидаги ҳисоботлар электрон шакллантирилиши ва буюртмачи билан электрон келишилиши;

– курилиш соҳасида назорат инспекциясининг фаолияти тўлиқ рақамлаштирилиб, махсус электрон тизим ишга туширилиши билдирилди.

Эндиликда “Ташаббусли бюджетлаштириш” жараёнидаги ҳар бир объект ҳам инспекция рўйхатидан ўтказилади ва доимий назоратга олинади. Объектда лойиҳачи томонидан муаллифлик назорати, буюртмачи ва пудратчи томонидан техник назорат сифатли олиб борилиши тизим орқали мониторинг қилинади. Талаб даражасида назорат ўрнатилмаган тақдирда, электрон тарзда ёзма кўрсатма берилади ва чора кўрилади.

Брифингда, прокуратура органлари томонидан қурилиш ишлари устидан назорат олиб боришда жамоатчилик билан ҳамкорликни янада кучайтиришни талаб этаётганлиги таъкидланиб, 2022 йил давомида соҳада аниқланган қонунбузилишлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.