АҚШ: экомуаммолар ечимидаги тажриба

Сир эмас, экология тушунчасининг келиб чиқиши бевосита Америка қўшма штатлари билан боғлиқ бўлиб, айнан шу мамлакатда илк бор одамлар табиатга истеъмолчилик муносабатларининг оқибатлари ҳақида ўйлай бошлашган. АҚШ давлат департаменти кўмагида Халқаро «Меридиан» маркази ташаббуси билан Марказий Осиё давлатларида фаолият кўрсатувчи бир гуруҳ журналистлар сеҳрли диёрда ҳавонинг ифлосланиш хавфлари, иқлим ўзгаришлари билан қай тарзда кураш олиб борилаётганига гувоҳ бўлишга муваффақ бўлишди.


Гуруҳ ушбу мамлакатдаги учта штат, Колорадо, Индиана ва Пенсильванияда бўлиб, иқлим ўзгариши ҳамда декарбонизация бўйича дастурлар ижросида кескин мутаносибликларга гувоҳ бўлишди. Мисол учун Колорадо 2014 йилгача ҳавога зарарли чиқитлар ташланиши 2040 йилгача батамом йўқ қилишга киришган.

Ҳозирги кунда ушбу штатда фақат биттагинга станция кўмирда ишлайди. Уни ҳам 2031 йилда ўпишмоқчи. Индианада эса бу дастур йўқ. Аммо шундай бўлишига қарамай, бу ерда аҳолининг фаоолиги ортидан 23 та кўмир станциялари ёпилишига эришилган. Яна саккизтаси ҳамон ишлайди.

Электр энергияси истеъмоли нольга тенг бўлган уйларни тасаввур қила оласизми? Айнан Пенсильвания штатида энергосамарадор уйлар қурилиганига гувоҳ бўлдик. Қишлоқ ё шаҳардаги, жуда кам электр энергияси ишлатиб, уни ҳам ўзи ишлаб чиқарадиган, иссиқ сув билан таъминлаб, иссиқликни йўқотмайдиган уйлар мавжуд. Ушбу штатда LEED сертификация тизими йўлга қўйилган бўлиб, у қурилиш ва лойиҳалаштиришда самарадор ҳамда экологик усулларни қўллашни ўзида мужассам этган. АҚШлик мутахассисларнинг фикрига кўра, ушбу тизим асосидаги уйлар ушбу мамлакатдаги мавжуд бошқа уйлардан фарқли равишда электр энергиясидан 25 фоизга камроқ фойдаланиб, 19 фоизга камроқ харажат қилиш имконини беради.

Шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндилар ҳам АҚШ учун хос бўлган яна бир экологик муаммолардан саналади. Уларнинг ҳажмини қисартириш учун Америкада иккиламчи хом ашё ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмоқда. Бунинг учун чиқитни алоҳидалаш, турли материаллар йиғиш пунктларини ташкил этиш каби ишлар амалга оширилаяпти.

Аслида Ўзбекистонда ҳам ушбу экологик муаммолар жуда ўхшаш. Иқлим ўзгариши эса нафақат ижтимоий, балки сиёсий, иқтисодий муаммоларни ҳам келтирирб чиқариши турган гап. Табиийки, табиатни асрашнинг ҳам чегараси бўлмаслиги керак, бу мақсад дунёнинг турли бурчакларида яшовчи аҳолини бирлаштириши ҳамда янгидан янги чораларни биргаликда топиши орқали сайёрамизга кўмак бериши мумкин.

Замира БАЛТАЕВА