Сузиш федерацияси мансабдор шахслари ва бошқалар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, жуда кўп миқдорда жамият манфаатларига зарар етказган. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати маълум қилди.
Муттасадди идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Сузиш федерациясида соҳага ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши ўрганилган. Унда аниқланишича, терма жамоа ҳамда унинг захираси таркибига киритилмаган фуқаро Россиянинг Волгоград шаҳрида ўтказилган халқаро йиғинга юборилиб, 72 миллион сўм бюджет маблағлари асоссиз ишлатилган.
Шунингдек, 2021 йилнинг октябрь—декабрь ойларида жами 287 нафар спортчи «Д» МЧЖга қарашли меҳмонхона хизматидан фойдаланмаган бўлса ҳам, фойдаланганлик ҳақида электрон ҳисоб-фактураларга сохта ёзувлар киритган ҳолда 1 миллиард сўмлик пул маблағи талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.