Германияда ўзбекистонликлар учун бепул қурилиш касбий таълими дастурига қабул бошланди

Ўзбекистон Миграция агентлиги ва Германия Федерал бандлик агентлиги ҳамкорлигида ўқиш ва амалий ишни бирлаштирган Ausbildung касбий таълим дастурига қабул бошланди.

Таълим 2027 йил кузида бошланади. Дастур доирасида 16 нафар номзод қуйидаги йўналишлар бўйича саралаб олинади:

  • йўл қурилиши — 2 йил;

  • канализация тармоқлари қурилиши — 2 йил;

  • қувур тармоқлари қурилиши — 2 йил;

  • чуқур пойдевор қурилиши — 3 йил.

Номзодларга қуйидаги талаблар қўйилган:

  • 18–25 ёш оралиғида бўлиш;

  • немис тилидан B1 даражасидаги сертификатга эга бўлиш (2026 йил февралидан олдин берилмаган бўлиши керак);

  • мактаб аттестати ёки касбий таълим дипломига эга бўлиш;

  • ариза топшириш вақтида бошқа лойиҳада иштирок этмаётган бўлиш.

Қурилиш соҳасидаги иш тажрибаси саралашда устунлик беради. Дастурнинг биринчи йилида ойлик стипендия 885 еврони (солиқлар чегирилгандан кейин) ташкил этади.

Кейинги йилларда стипендия миқдори тарифга мувофиқ ошиб боради. Таълим ва амалий иш ҳафтасига 40 соат давом этади.

Дастур иштирокчилари учун касбий таълим бепул. Авиачипта, виза ва тиббий суғурта харажатлари қопланади, виза расмийлаштиришда кўмак берилади, аэропортдан турар жойгача трансфер ташкил этилади.

Шунингдек, тахминан 250 евролик имтиёзли турар жой, бепул ойлик транспорт чиптаси ҳамда биринчи йил давомида душанбадан жумагача кунига уч маҳал бепул овқат тақдим этилади.

Дастурни муваффақиятли якунлаганлар Германияда камида 2 400 евро соф ойлик маош билан доимий ишлаш имкониятига эга бўлади. Аризалар 2026 йил 30 ноябргача қабул қилинади. Талабларга жавоб берадиган номзодлар билан алоқа маркази ходимлари боғланади. Қўшимча маълумотларни 1282 қисқа рақами орқали олиш мумкин.