АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистонда Бутунжаҳон туберкулёзга қарши кураш кунини нишонлади. USAID ушбу кунни туберкулёз касаллиги, стигма ва камситишнинг олдини олиш бўйича болалар расмлари кўргазмалари ва акцияларини ташкил этиш, шунингдек, аҳолининг туберкулёз касаллиги ҳақида хабардорлигини ошириш мақсадида Фарғона шаҳрида хайрия концертини ўтказиш орқали нишонлади.
Ҳар йили 24 март Бутунжаҳон туберкулёзга қарши кураш куни дунё бўйлаб ҳар куни 4000 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлаётган касалликнинг инсонларнинг соғлиғи ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ҳалокатли таъсири ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш мақсадида нишонланади. Сўнгги икки йил айниқса мураккаб бўлиб, COVID-19 пандемияси туберкулёзга қарши кураш чораларининг самарадорлик таъсирини камайтирди. Ўзбекистон сўнгги ўн йил ичида туберкулёз касаллиги билан касалланиш ва унинг натижасидаги ўлим ҳолатларини камайтириш бўйича барқарор ютуқларга эришган бўлса-да, касалликнинг дори воситаларига турғун бўлган шаклларини даволаш кўрсаткичлари паст даражада сақланиб қолмоқда.
Сўнгги олти ой давомида USAID Ўзбекистон ҳукуматига умумий қиймати қарийб 700 минг АҚШ долларига тенг туберкулёз касаллигини тезкор диагностика қилишга мўлжалланган GeneXpert тизимларини беғараз аснода тақдим этган бўлиб, шу жумладан 24 март Тошкентга булиб утган маросимда 16 дона шу каби ускуналар тақдим этилди. GeneXpert тизими бир кун ичида тиббий тест натижаларини тақдим этиш имконига эга бўлган ўзига хос инқилобий ускуна бўлиб, бу беморларга зудлик билан тиббий ёрдам олиш имконини яратади. Бундай ускунанинг эски аналоглари синов натижаларини 80 кунгача бўлган муддатда олиш имконини берар эди. GeneXpert тизими нафақат беморда туберкулёз касаллиги мавжудлигини, балки касалликнинг маълум бир турини даволаш учун одатда буюриладиган антибиотикларга чидамлилигини текшириш имконини яратиб, бу эса шифокорларга бемор учун энг самарали дори-дармонларни танлаш имконини беради.
USAID соғлиқни сақлаш вазирлигининг туберкулёзга қарши Миллий дастури доирасида тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш, туберкулёзга қарши дори воситалари, тиббий ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлашни яхшилаш, туберкулёз касаллигининг олдини олиш, аниқлаш ва даволаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида узоқ йиллик ҳамкорлик тарихига эга. Масалан, 2021 йилда USAID 1700 дан ортиқ туберкулёзни даволаш бўйича мутахассисларни қайта тайёрлади ва туберкулёз касаллиги билан оғриш хавфи остидаги 3000 дан ортиқ шахсни скринингдан ўтказди.
USAID, шунингдек, оммавий тадбирлар, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ва материалларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш орқали аҳолининг туберкулёз касаллиги ҳақида хабардорлигини ошириш ва касаллик билан боғлиқ стигма ва нотўғри маълумотни камайтириш мақсадида туберкулёзга қарши Миллий дастурни амалга ошириш учун бошқа маҳаллий ва халқаро шериклар билан яқиндан ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.