Ўзбекистон Адлия вазирлиги ўрганишлар жараёнида июль ойида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан эълон қилинган мамлакатдаги ОТМларнинг илк рейтингида камчиликларга йўл қўйилганини аниқлади. Рейтингда республикадаги 57 та олий таълим муассасалари орасида Миллий университет энг яхши ОТМ деб топилган эди.
Адлия вазирлигининг қайд этишича, рейтинг кўрсаткичлари ва натижалари ижтимоий тармоқларда ҳам турли қарама-қаршиликларга сабаб бўлди.
Вазирлик давлат органлари томонидан олий ўқув юртларининг расмий рейтингини белгилаш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий базанинг йўқлиги бу борадаги жиддий нуқсонлардан бири бўлганини қайд этди.
«Рейтинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қўшма қарори асосида тузилди. Мазкур ҳужжат Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Шу боис, у юридик кучга эга эмас ва ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди. Рейтингни белгилаш тартибининг давлат рўйхатидан ўтмагани ва ўрнатилган тартибда нашр этилмагани эътиборга олинса, турли кўрсатгичлар бўйича рейтинг натижаларини тузишда ноаниқлик ва ошкорасизлик бўлган», — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.
Алоҳида кўрсатгичлар, хусусан олий таълим муассасаларида дарс берадиган хорижий ўқитувчилар ҳақидаги индикаторлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Айрим олий ўқув юртлари бир семестр ёки йил бўйи дарс берадиган бир қанча педагогларни таништирган бир пайтда, асосан «Бир кунлик», «бир ҳафталик» хорижий мутахассислар ҳисобга олинган. Олий ўқув юртлари рейтингини белгилашда уларнинг миқёси, таълим йўналишлари, иқтисодий ва кадрлар салоҳияти, фаолиятининг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан кўрсатгичлар бўйича дифференциал ёндашув қўлланилмаган.
Айни пайтда, рейтинг тузувчилар диққат-эътиборини фоиз кўрсатгичларига эмас, сон кўрсатгичлари (илмий даражага эга шахслар сони, ҳимоя қилинган диссертациялар сони, хорижий ўқитувчилар сони, хорижий олий ўқув юртларида таълим берадиган педагоглар сони, чоп этилган мақолалар сони, хорижий талабалар сони, илмий-тадқиқот фаолиятидан олинган маблағлар миқдори) га қаратган. Бу ўз-ўзидан, кўп сонли факультетлар, педагоглар ва талабаларга эга бўлган олий ўқув юртларига устунлик берган. Айрим тушунарсиз сабабларга кўра, гарчи олий таълим даргоҳларининг барча йўналишларини комплекс ва ҳар томонларма ўрганишда (ўқув жараёнини ташкиллаштириш, ўқув-услубий ҳужжатлар сифати, талабалар қониққанлиги, ишга жойлашиш даражаси, иш берувчиларнинг баҳоси) объектив тўсиқлар бўлмасада, тадқиқот бир ёқлама ва фақат олий ўқув юртларнинг илмий-тадиқот фаолиятини таҳлил этишдан иборат бўлиб қолган.
Таъкидлаш жоизки, барча олий таълим даргоҳлари ҳам рейтинг расман нашр этилгунича ўтказилган тадқиқот ва рейтинг натижалари ҳақида хабардор бўлмаган. Бу ўз навбатида, тадқиқотнинг айрим жиҳатларини кўриб чиқиш ва аниқлаш имконсизлигига сабаб бўлди. Бундай ёндашув умумқабул қилинган халқаро стандартлар ва тамойилларга, хусусан, Рейтинг бўйича халқаро эксперт гуруҳи (International Ranking Expert Group, IREG) томонидан тасдиқланган Олий ўқув юртлари рейтингини белгилаш бўйича Берлин принципларига тўғри келмайди.
Юқорида санаб ўтилган ҳолатлар олий таълим муассасалари рейтинг натижаларида ҳам ўз аксини топган. Адлия вазирлигининг тақдимномасига асосан, қўшма қарор ижродан қайтарилди.