Хориждаги ўзбекистонликлар учун консуллик хизматлари мобил иловаси ишга туширилди

Хорижда яшаётган ёки чет элга сафар қилишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари учун консуллик хизматлари мобил иловаси ишга туширилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, иловада Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва консуллик муассасалари ҳақидаги ягона маълумотлар базаси жамланган. Фойдаланувчилар дипломатик ваколатхоналар манзиллари, алоқа маълумотлари ва жойлашуви билан танишиши, шунингдек, ўзлари турган мамлакат ёки ҳудуд қайси консуллик округига тегишли эканини аниқлаши мумкин.

Дастлабки босқичда илова орқали Ўзбекистонга қайтиш учун сертификат расмийлаштириш, вақтинчалик ёки доимий консуллик рўйхатидан ўтиш хизматлари йўлга қўйилган. Келгусида электрон хизматлар сонини босқичма-босқич кенгайтириш режалаштирилган.

Қайд этилишича, платформанинг асосий қулайликларидан бири анкета ва аризаларни автоматик тўлдириш тизими ҳисобланади. Замонавий рақамли ечимлар туфайли мажбурий майдонларнинг қарийб 80 фоизи автоматик равишда тўлдирилади, бу эса ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини сезиларли даражада тезлаштиради.

Шунингдек, иловада хорижий давлатларнинг виза талаблари бўйича ахборот бўлими ҳам мавжуд. Мазкур хизмат ҳозирча синов режимида ишламоқда ва мунтазам равишда янги маълумотлар билан бойитиб борилади.

Мобил илова Android ва iOS қурилмалари учун бепул тақдим этилган.