Ерга оид хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиздир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2021 йил 6 ноябрь куни инаугурация маросимида сўзланган нутқда “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”нинг йўналишлари бўйича тўхталиб, ҳусусий мулк ҳуқуқи устиворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланиши, давлат идораси маълумотига ишониб, мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъкидлаб ўтилди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси мустақилликни қўлга киритган илк даврлардан бошлаб мамлакатда хусусий мулкнинг давлат томонидан ҳуқуқий кафолатланишига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида “Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин” деган қоида бежиз киритилмаган.

Мустақиллик йилларида хусусий мулк ҳуқуқини химоя қилиш борасида давлат томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди. Мулкдорлар ҳуқуқларини химоя қилишнинг ҳуқуқий базаси ва механизми яратилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ерга оид муносабатларда хусусий мулк институтининг жорий этилиши фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер майдонларига хусусий мулк ҳуқуқи асосида эга бўлиш имкониятини яратди. Бу қоида шуни англатадики, эндиликда хусусий мулк ҳуқуқини таъминлаш юзасидан қабул қилинган ҳар қандай норматив ҳужжатлар хусусийлаштирилган ер майдонларига нисбатан хам татбиқ этилади.

Ерга ҳусусий мулк мақомини бериш борасидаги қонунчилик асосларини яратишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сонли “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Жумладан, Фармоннинг 6-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кириш вазифаси юклатилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 24 сентябрда қабул қилинди, Сенат томонидан 2021 йил 30 сентябрда маъқулланди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 15 ноябрь куни имзоланиб, расмий эълон қилинган кундан кучга кирди.         

Қонуннинг 10-моддасига асосан, хусусийлаштириш объектлари сифатида юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари, бўш турган ер участкалари кўрсатиб ўтилди.

Қонуннинг мазкур нормасига асосан фуқаролар ўзарига якка  тартибда уй-жой қуриш, ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкаларини хусусийлаштириш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, фуқаролар бўш турган ер участкаларини хам электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотиб олишлари мумкин.

Энг муҳим жиҳат шундаки, Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ “Хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ва фуқаролик муомаласи объектларидир.

Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи унга бўлган ҳуқуқ Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли маълумотларни электрон тарзда киритиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юзага келади.

Хусусийлаштирилган ер участкаларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиздир ва қонунга мувофиқ давлат томонидан ҳимоя қилинади” деб белгиланди.

Қонуннинг 31-моддасида эса “Хусусийлаштирилган ер участкаларининг мулкдорлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– хусусийлаштирилган ер участкасига юридик ва жисмоний шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда, ўз хоҳишига кўра ва ўз манфаатларини кўзлаб эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шу жумладан ундан гаров предмети сифатида фойдаланиш, юридик шахснинг устав капиталига (устав фондига) ҳисса сифатида киритиш, ижарага бериш;

– хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишлари бартараф этилишини талаб қилиш;

– хусусийлаштирилган ер участкасида мустақил равишда хўжалик юритиш;

– уй-жой, ишлаб чиқариш, маданий-маиший иморатлар ва иншоотларни ҳамда бошқа иморатлар ва иншоотларни қуриш, уларни қайта қуриш ва бузишни амалга ошириш” деб кўрсатилган.

Таъкидлаш керакки, айни қонун амалга киритилгунга қадар мавжуд бўлган тартибга мувофиқ, ер давлат мулки ҳисобланган. Бу эса, айрим ҳолларда давлат мулки ҳисобланган ер майдонларини олиб қўйишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер майдонида жойлашган бино-иншоотларга доир мулк ҳуқуқининг бузилишига олиб келган.

Эндиликда Қонун талабига кўра, хусусийлаштирилган ер участкалари мулкдорлардан олиб қўйилиши мумкин эмас, фақатгина қонунда белгиланган тартиб ва шартлар асосида сотиб олиниши мумкин.

Ер қонунчилигига киритилган мазкур ўзгаришлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг ерга оид ҳуқуқларини самарали химоя қилиш, ерни хусусий мулк сифатида эътироф этиш ва ерга нисбатан мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини таъминлашдан иборатдир.     

Б.Юлдашев,

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси.