ОТМ ва академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишқи таътил 24 январига қадар узайтирилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, олий таълим тизимидаги ректорлар, проректорлар, деканлар ва молия масалаларига масъуллар учун ўз касбий маҳоратини ошириш, янгича тартибда ишлашни бошлаш мақсадида жорий йил 10-24 январь кунлари амалий семинар-тренинглар ташкил этилади.
Шу билан бирга, ОТМлари кредит-модуль тизимига тўлиқ ўтганлиги сабабли кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилари учун асосий ишдан ажралган ҳолда ўқувлар барча ОТМларда ташкил этилади.
Шу сабабли 2021/2022 ўқув йилининг иккинчи ярмини тўлиқ ва пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишқи таътил муддати 2022 йил 24 январга қадар узайтирилди.
Таъкидланишича, талаба-ўқувчиларга ўз уйларидан таълим муассасаларига қайтишларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида авиа ҳамда темир йўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам 2022 йилнинг 24 январига қадар узайтирилди.
2022 йилнинг 11 январигача бўлган муддатга харид қилинган авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилади.